“Жасорат мактаби”нинг учинчи мавсуми якунланди
Жиззах гарнизонига қарашли ҳарбий қисмда ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларда ватанпарварлик туйғусини мустаҳкамлашга қаратилган “Жасорат мактаби” лойиҳасининг учинчи мавсуми якунланди.
Лойиҳа давомида иштирокчилар учун ҳарбий тайёргарлик, жисмоний чиниқиш, саф машқлари, бирламчи ҳарбий билимлар ҳамда замонавий касбий кўникмаларни шакллантиришга қаратилган амалий машғулотлар ташкил этилди. Шу билан бирга, ёшларда жамоада ишлаш, етакчилик салоҳиятини ривожлантириш, турли вазиятларда тезкор ва тўғри қарор қабул қилиш кўникмаларини мустаҳкамлашга алоҳида эътибор қаратилди.
Ўн кун давом этган йиғинда ишсиз ёшлар, “Ёшлар дафтари” ҳамда пробация ҳисобида турган жами 100 нафар иштирокчи қамраб олинди. Улар машғулотлар жараёнида назарий билимлар билан бир қаторда амалий тажриба ҳам орттириб, интизом, масъулият ва фидойилик каби муҳим фазилатларни мустаҳкамлаш имконига эга бўлди.

Таъкидланганидек, “Жасорат мактаби” лойиҳасининг асосий мақсади ёшларда Ватанга садоқат, юксак масъулият, интизом ва фидойилик туйғуларини қарор топтириш, шунингдек, уларнинг ҳаётий кўникмаларини бойитишдан иборат.
Лойиҳанинг ёпилиш маросимида ҳарбий қисм қўмондонлиги, Жиззах вилояти ички ишлар бошқармаси, Ёшлар ишлари агентлиги, Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи вакиллари ҳамда иштирокчиларнинг ота-оналари қатнашди.

Тадбир давомида иштирокчиларга ўзлари танлаган йўналишлар бўйича сертификатлар топширилди. Шунингдек, “Ҳарбий эстафета”, “Миллий кураш”, “Волейбол” ва “Заковат” мусобақаларида ғолиб ва совриндор бўлган ёшлар кубок, диплом ҳамда эсдалик совғалари билан тақдирланди.
Абдужалол Қаюмов, ЎзА мухбири