Жарима ундирилди
Сирдарё вилоятида фирибгарлик жиноятини содир этган шахслардан суд томонидан тайинланган жиноий жарима маблағларини ундириш ишлари амалга оширилди.
Сирдарё вилоятида фирибгарлик жиноятини содир этган шахслардан суд томонидан тайинланган жиноий жарима маблағлари тўлиқ қопланди.
Мажбурий ижро бюроси Сирдарё вилояти бошқармаси маълум қилишича, икки нафар шахсга нисбатан Жиноят ишлари бўйича Зарбдор туман судининг 2026 йил 2 февралдаги ҳукмига асосан ҳар бирига 136 миллион сўмдан жиноий жарима жазоси тайинланган. Мазкур ижро ҳужжатлари ижросини таъминлаш Мажбурий ижро бюросининг Гулистон шаҳар бўлими зиммасига юклатилган.
Давлат ижрочилари томонидан қарздорларга қонунчиликда белгиланган тартибда ихтиёрий муддат берилган бўлса-да, ушбу муддат давомида жарима маблағлари тўланмаган. Шу муносабат билан мажбурий ижро ҳаракатларига киришилиб, қарздорларга тегишли мол-мулклар хатланди ҳамда қонун доирасида тегишли таъсир чоралари қўлланилди.
Олиб борилган ижро ҳаракатлари натижасида ҳар икки қарздордан 136 миллион сўмдан, жами 272 миллион сўм жиноий жарима маблағи тўлиқ ундирилди. Шунингдек, 13 миллион 600 минг сўм миқдоридаги ижро йиғими ҳам давлат фойдасига ундирилди.
Натижада мазкур ижро ҳужжатлари бўйича суд қарорининг ижроси тўлиқ таъминланиб, ижро ишлари белгиланган тартибда тамомланди.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири