Жарима майдонига жойлаштирилди
Сирдарё вилоятининг Гулистон туманида жойлашган “D.А.F” корхонаси Сирдарё вилояти Солиқ бошқармасининг қарорлари асосида жами 123,5 млн сўм солиқ қарзини ундириш бўйича 9 та ижро ҳужжатлари асосида ижро ҳаракатларига учради. Қарздорга ижро ҳужжатлари талабини ихтиёрий равишда бажариш учун белгиланган муддат берилган ва унинг бажармаслик оқибатлари тўлиқ тушунтирилган.
Бироқ қарздор белгиланган муддатда қарзини қопламади. Шу боис, корхонага тегишли “BYD” русумли электромобиль хатланиб, махсус жарима майдонига жойлаштирилди. Ҳозирда мазкур хатланган мулкни баҳолаш ва аукцион савдосига чиқариш чоралари кўрилмоқда.
Бюронинг Гулистон туман бўлими бошлиғи Достонбек Ҳусановнинг таъкидлашича, бу каби чоралар фақатгина ижро ҳужжатлари талабини таъминлаш билан чекланмайди, балки қонуний равишда давлат солиқ қўмитаси назоратида қарздорларнинг молиявий интизомини мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Мақсадимиз фақат жазо қўллаш эмас, балки корхоналарнинг ўз мажбуриятларини ўз вақтида бажаришини таъминлаш, иқтисодий барқарорликни мустаҳкамлашдир, – дейди Достонбек Ҳусанов.
Сирдарё вилоятида солиқ қарздорларига нисбатан шунга ўхшаш чоралар тизимли равишда амалга оширилмоқда. Бунда биринчи навбатда уларга ижро ҳужжатлари талабини ихтиёрий бажариш имконияти берилади, бажармаслик ҳолатлари учраганда эса қонун талаблари қатъий қўлланади.
Ғулом Примов, ЎзА