Жанубий Корея ва Исроил ўртасида дипломатик тортишув юзага келди
Фаластинлик болага нисбатан зўравонлик акс этган видеонинг ижтимоий тармоқларда тарқалиши Исроил ва Жанубий Корея ўртасида дипломатик можарога сабаб бўлди.
Гап шундаки, Жанубий Корея президенти Ли Же Мёнг ижтимоий тармоқларда фаластинлик болага нисбатан зўравонлик акс этган видеони улашганидан сўнг, Исроил билан муносабатларда кескинлик пайдо бўлди. Хабарларга кўра, мазкур видеода бола исроиллик ҳарбийлар томонидан қийноққа солиниб, томдан ташлангани тасвирланган. Бу ҳолат юзасидан фикр билдирган Жанубий Корея раҳбари Исроилни инсонийликка зид ҳаракатларда айблаб, воқеани чуқур ва холисона текшириш зарурлигини таъкидлаган.

Ўз навбатида, Исроил Ташқи ишлар вазирлиги бу видеони нотўғри талқин қилинган маълумот сифатида қайд этди. Уларга кўра, мазкур ҳолат 2024 йилдаёқ ўрганилган бўлиб, у ҳозирги воқеа сифатида тақдим этилмоқда. Шунингдек, баёнотда видеони тарқатган манбалар Исроилга қарши дезинформация ёйиш билан шуғулланиши айтилган.
Исроил томони воқеа ҳарбий операция давомида содир бўлгани, аскарлар хавф остида қолгани ва ҳолат юзасидан тегишли чоралар кўрилганини билдирган. Исроил Жанубий Корея етакчисининг бу каби маълумотни текширилмаган ҳолда тарқатганини “қабул қилиб бўлмас” деб ҳисоблади.
Ли Же Мёнг эса ўз баёнотида видеонинг ҳақиқийлигини аниқлаш муҳимлигини таъкидлаб, бу ҳолатни зўравонлик сифатида баҳолади ва у халқаро ҳамжамиятни бу каби вазиятларга бефарқ бўлмасликка чақирган.
Ф.Яхшибоева, ЎзА