Жанубий Корея собиқ президенти ва мудофаа вазири 30 йилга қамалди
Жанубий Кореянинг собиқ раҳбари Шимолий Кореяга дрон учириб, мамлакатда сунъий инқироз келтириб чиқаришга урингани учун 30 йилга озодликдан маҳрум этилди.
Сеул марказий суди Юн Сок Ёлни КХДР ҳудудига учувчисиз учоқларни ноқонуний юбориш иши бўйича айбдор деб топди ва шундай ҳукм чиқарди. Бу ҳақда “Yonhap” ахборот агентлиги маълум қилди. Суд жараёнида аниқланишича, собиқ президент 2024 йил КХДР ҳудудига дрон учириш бўйича махсус амалиёт уюштирган. Бундан кўзланган асосий мақсад ярим оролдаги сиёсий ва ҳарбий вазиятни атайлаб кескинлаштириш ҳамда мамлакат ичкарисида ҳарбий ҳолат жорий этиш учун баҳона топиш бўлган.
Мазкур жиноий иш доирасида нафақат давлат раҳбари, балки собиқ мудофаа вазири Ким Ёнг-Хюн ҳам айбдор деб топилиб, унга ҳам 30 йиллик қамоқ жазоси тайинланди. Суд расмий хулосасида таъкидланишича, расмий шахслар шимол томондан жавоб зарбаси ва ҳарбий ҳаракат қўзғатиш мақсадида ваколати ҳамда ҳарбий кучдан ғаразли йўлда фойдаланган. Қайд этиш жоиз, бу собиқ президентга нисбатан эълон қилинган биринчи йирик ҳукм эмас. Аввалроқ Юн Сок Ёль 2024 йил декабрь ойида мамлакатда давлат тўнтариши ва ҳарбий ҳолат эълон қилиш орқали исён кўтаришда айбланиб, умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилинган эди.
Ф.Яхшибоева, ЎзА