Жанубий Африкада қуролли можаролар давом этмоқда
Жанубий Африканинг Йоханнесбург шаҳри яқинидаги Беккерсдал шаҳарчасида содир этилган оммавий отишма оқибатида камида тўққиз киши ҳалок бўлди, ўн нафар фуқаро жароҳат олди, деб ёзмоқда “Euronews” нашри.
Таъкидланишича, воқеа якшанбага ўтар кечаси, маҳаллий вақт билан тахминан соат 01:00 ларда рўй берган.
Ўлка ҳуқуқ-тартибот идоралари маълумотига кўра, оқ рангли микроавтобус ва кумушранг енгил автомобилда келган номаълум шахслар спиртли ичимликлар дўконидаги одамларга қарата ўқ узган.

Гумонланувчилар сони ўн нафардан ортиқ бўлиши мумкин. Ҳозирда кенг кўламли қидирув ишлари олиб борилмоқда.
Маълумки, Жанубий Африкада қуролли зўравонлик ҳолатлари тез-тез учраб туради. Сўнгги ҳафталарда ҳам шунга ўхшаш бир неча ҳужумлар қайд этилган. Мутахассислар буни ноқонуний қурол айланмаси ва ижтимоий беқарорлик билан боғламоқда. Мамлакат расмийлари эса бундай жиноятларга қарши чораларни кучайтиришга ваъда берган.
Мусулмон Зиё, ЎзА