Жанубда пахта йиғим-теримига тайёргарлик кўрилмоқда
Сурхондарё вилоятида 1 минг 850 фермер хўжалиги жорий йил учун 62 минг 850 гектар майдонда ғўза парваришланмоқда. Пахта майдонларининг 31 минг 645 гектарида маҳаллий, 4 минг 500 гектарига ингичка толали ва 31 минг 205 гектарига хорижий навли пахта етиштирилмоқда.
Воҳа пахтакорлари тажрибали деҳқонлар маслаҳати асосида меҳнат қилиб, салмоқли ҳосил етиштирди. Айни кунларда пишиб, етилаётган пахтани нобуд қилмай тез кунларда териб-йиғиб олишга қизғин ҳозирлик кўрилмоқда. Бунинг учун пахта териш машиналари ва ташиш техникалари шай ҳолатга келтирилди. Терим отрядлари шакллантирилиб, техника ва теримчилар бириктирилмоқда. Мавсумда иштирок этадиган теримчиларга барча шароит яратиляпти.

Ангор туманида 30 га яқин фермер хўжалиги 4 минг 450 гектар майдонда деҳқончилик қилмоқда. Мавжуд майдонларнинг 3 минг 363 гектарида маҳаллий навли, 1 минг 87 гектарида хорижий ва 410 гектарида ингичка толали пахта парваришланмоқда. Туманда мавсумни уюшқоқлик билан ташкил этиш учун 57 та отряд ташкил этилиб, 10 минг 500 дан ортиқ теримчини жалб этиш, 12 та пахта териш машинасидан фойдаланиш мўлжалланган.

Вилоят мутасаддилари шу кунларда ҳудудларда бўлиб, йиғим-теримга жалб этиладиган техникалар шайлигини кўздан кечириб, мавсумни уюшқоқлик билан ўтказиш, мавжуд имкониятлардан самарали фойдаланиш юзасидан тегишли тавсияларини бермоқда.
Холмўмин Маматрайимов,
ЎзА мухбири