Жанубда Алишер Навоийга эҳтиром кўрсатилмоқда
Сурхондарё вилоятида буюк мутафаккир, давлат арбоби Алишер Навоий таваллуд топган куннинг 581 йиллиги кенг нишонланмоқда.
Шу муносабат билан бугун эрта тонгдан адабиётшунос олимлар, ёзувчи ва шоирлар, давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, таълим муассасаларининг фан ўқитувчилари, ўқувчи ва талаба–ёшлар Термиз шаҳридаги Навоий ҳайкали ёнида жамул-жам бўлиб, ғазал мулкининг султонига чуқур ҳурмат-эҳтиром кўрсатди. Салобатли ҳайкали пойига гулчамбарлар қўйилди.

Тантанали тадбирда вилоят ҳокими ўринбосари И.Сапаров, Термиз давлат университети ректори А.Марахимов, Ўзбекистон Ёзувчилари уюшмаси вилоят бўлими раҳбари М. Олламуродов, Термиз туманидаги Афғонистон фуқароларини ўқитиш таълим маркази талабаси, қўшни давлатнинг Жаузжон вилоятилик Шикибо Самадий ва бошқалар кейинги йилларда Алишер Навоий меросини ўрганишга қаратилаётган юксак эътибор, асарларининг мазмун-моҳияти ва ёшлар маънавиятини юксалтиришдаги ўрни, жаҳоннинг турли давлатларида улуғ бобомиз ижодини ўрганишга қизиқиш ортиб бораётгани ҳақида сўз юритди.

Термиз шаҳридаги «Санъат саройи» да бўлиб ўтган анжуманда Алишер Навоийнинг нафис ғазал ва рубоийлари таҳлил қилинди. Давлат арбоби сифатидаги хизматлари алоҳида эътироф этилиб, адолат, диёнат ва инсоф, халқ дарду-ташвиши билан яшаш каби эзгу фазилатлари хусусида фикр алмашилди. Навоий сиймоси акс этган саҳна асарларидан парчалар намойиш этилди. Ғазаллари ифодали ўқилди. Нафис куй-қўшиқлар янгради.

Вилоятдаги таълим муассасалари ва бошқа давлат, нодавлат ташкилотларда ҳазрат Навоий таваллуд топган кунга бағишланган қизиқарли учрашув, давра суҳбатлари ва бошқа маданий-маърифий тадбирлар давом этмоқда.
Холмўмин МАМАТРАЙИМОВ, ЎзА мухбири