Жамоатчилик назоратининг ҳуқуқий асослари такомиллаштирилмоқда
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари томонидан ҳудудларда нодавлат нотижорат ташкилотлари (ННТ) фаоллари иштирокида Ўзбекистон Республикасининг «Жамоатчилик назорати тўғрисида»ги қонунини бугунги кун талаблари асосида такомиллаштиришга бағишланган давра суҳбатлари ўтказилмоқда.
Хусусан, Демократик жараёнларни таҳлил қилиш марказининг ҳудудий бўлимлари билан ҳамкорликда ташкил этилган навбатдаги муҳокама Тошкент шаҳрида бўлиб ўтди. Тадбирда Қонунчилик палатасининг Демократик институтлар ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш масалалари қўмитаси аъзолари Н.Умаров ва Г.Авездурдиева иштирок этиб, қонун лойиҳасига киритилаётган ўзгартишларнинг мазмун-моҳияти ҳақида ахборот берди.

Шунингдек, тадбирда Тошкeнт шаҳар Ногирон болалар ва катталар спорт клуби, «Жонли табиат», Ўзбекистон Экологик ҳаракати ва «Тадбиркор аёллар бизнес маркази» нодавлат нотижорат ташкилотлари, Ўзбекистон Ногиронлар жамияти, Ўзбекистон Қизил ярим ой жамияти, Ўзбекистон «ВEТEРАН» жангчи-фахрий ва ногиронлари бирлашмаси ҳамда Қозоқ миллий маданий маркази вакиллари муҳокамаларда фаол иштирок этди.
Муҳокамалар давомида ННТ вакиллари амалдаги қонунчиликни қўллашда юзага келаётган муаммолар ва уларни бартараф этиш бўйича қатор асосли таклифларни илгари сурди. Иштирокчилар қонун нормаларини бир хилда талқин қилиш ва ижро механизмларини аниқ белгилаш зарурлигини таъкидлади.

Жумладан, «Жамоатчилик назорати» тушунчасига янада аниқ ва мукаммал таъриф бериш, жамоатчилик назорати шакллари қаторига «жамоатчилик текшируви» институтини киритиш, жамоатчилик назорати тўғрисидаги қонунчиликни бузган мансабдор шахсларнинг жавобгарлигини кучайтириш, жамоатчилик назорати натижалари бўйича тайёрланган якуний ҳужжатлардаги таклифлар ижросини таъминлашни субъектларнинг мажбурияти сифатида мустаҳкамлаш каби таклифлар билдирилди.
Йиғилишда таъкидлашича, мазкур қонун лойиҳаси, энг аввало, аҳоли манфаатларига хизмат қилишга, давлат органлари фаолиятининг очиқлигини таъминлашга ва фуқаролик жамияти институтларининг мамлакат бошқарувидаги ролини янада оширишга замин яратади.
М.Комилова, ЎзА