Жамоатчилик кенгаши Янги йил режаларини белгилаб олди
Сурхондарё вилояти ички ишлар бошқармаси ҳузуридаги жамоатчилик кенгашининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди.
Президентимизнинг 2023 йил 20 январдаги “Ички ишлар органларини халқчил профессионал тузилмага айлантириш ва аҳоли билан янада яқин ҳамкорликда ишлашга йўналтириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори ижроси доирасида ташкил этилган жамоатчилик кенгаши вилоят ички ишлар органлари фаолияти устидан жамоатчилик назорати ўрнатадиган тузилмага айланди. У маслаҳат-кенгаш органи сифатида соҳа фахрийлари, маънавият тарғиботчилари, оммавий ахборот воситалари ва нодавлат-нотижорат ташкилотлари вакилларидан иборат. Кенгаш аъзолари ички ишлар органлари фаолиятини янги босқичда ривожлантиришга кўмаклашиб, осойишта ҳаётимиз посбонлари ва халқ ўртасида ишончли кўприк вазифасини бажараётир.

Йиғилишда жамоатчилик кенгаши раиси, истеъфодаги полковник Аҳмад Холиқов ана шу ҳақда атрофлича сўз юритиб, кенгашнинг ўтаётган йилдаги фаолиятини таҳлил қилди. Вилоят ИИБ ташкилий бошқарма юридик таъминлаш гуруҳи етакчи юрисконсульти, подполковник Мурод Шаймардонов жамоатчилик кенгашининг низом талаблари, кенгашнинг тузилиши, таркиби, вазифалари, ҳуқуқ ва мажбуриятлари тўғрисида атрофлича маълумот берди. Вилоят ИИБ бошлиғи ўринбосари, подполковник Шерзод Шодиев фуқароларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, жамоат тартибини сақлаш, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ва профилактикаси, ички ишлар органлари ходимларининг хизмат интизоми ва қонунчиликни таъминлаш, ижтимоий ҳимоя қилиш юзасидан олиб борилаётган ишларга эътибор қаратди. Вилоят ИИБ ахборот хизмати бошлиғи, подполковник Фарҳод Тошбоев ахборот хизматининг жорий йил ўтган даврида амалга оширган ишлари тўғрисида ахборот берди.

Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан сўнгги йилларда ички ишлар органлари фаолияти очиқ, ошкора, шаффоф ташкил этилмоқда. Фуқароларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, жамоат тартибини сақлаш, шахс, жамият ва давлат хавфсизлигини таъминлаш, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ва профилактикаси бўйича юртимизда яхлит ҳуқуқий тизим яратилди. Жойларда тузилган жамоатчилик кенгашларига эса ички ишлар органлари фаолиятида қонунчилик ҳужжатлари талабларига риоя этилиши устидан жамоатчилик назоратини амалга ошириш, соҳа бўйича ижтимоий фикрни ўрганиб, тизимли мониторинг олиб бориш, ички ишлар органлари фаолиятини тартибга солувчи қонунчилик ҳужжатлари лойиҳаларини ишлаб чиқиш жараёнида ижтимоий фикр ва жамият манфаатлари ҳисобга олинишини таъминлаш чораларини кўриш, ички ишлар органлари фаолиятидаги коррупция ҳолатлари бўйича интернет ва ижтимоий тармоқларда эълон қилинган хабарларни батафсил ўрганиб, унинг натижасини кенг жамоатчиликка етказиш каби муҳим вазифалар қўйилган.

Йиғилишда мазкур вазифаларни янада самарали бажариш юзасидан фикр алмашилди. Янги йилдаги вазифалар белгилаб олинди.
Шу куни кенгаш аъзолари учун Сурхондарё вилоят ИИБ хавфсиз туризмни таъминлаш бошқармасига пресс-тур ташкил этилди. Улар бошқармада маҳаллий ва хорижий сайёҳларнинг хавфсизлигини таъминлаш учун яратилган замонавий шароитлар билан яқиндан танишди. Ўзларини қизиқтирган саволларга атрофлича жавоб олди.
Холмўмин Маматрайимов, ЎзА мухбири