Жамоат хавфсизлиги учун профессионал кадрлар тайёрлашнинг янги босқичи
Жамиятда тинчлик ва осойишталикни таъминлаш, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, жамоат тартибини сақлаш ҳамда фуқаролар хавфсизлигини кафолатлаш кўп жиҳатдан ушбу соҳада хизмат қилаётган кадрларнинг профессионал тайёргарлигига боғлиқ. Шу нуқтаи назардан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2026 йил 26 августдаги “Жамоат хавфсизлигини таъминлаш соҳасида профессионал кадрларни тайёрлаш тизимини янада такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПҚ–302-сон қарори муҳим аҳамият касб этади.
Мазкур ҳужжатнинг асосий мақсади-жамоат хавфсизлиги соҳаси учун замонавий билим ва юксак амалий кўникмаларга эга профессионал кадрларни тайёрлашнинг узлуксиз таълим тизимини яратиш ҳамда Ўзбекистон Республикаси Жамоат хавфсизлиги университетини ушбу йўналишда кадрларни мақсадли тайёрлайдиган олий таълим ва илмий-тадқиқот ташкилоти сифатида трансформация қилишдан иборат.
Кадрлар тайёрлашнинг мақсадли тизими сифатида қарорда 2026/2027-ўқув йилидан бошлаб Жамоат хавфсизлиги университетида ички ишлар органларининг ҳуқуқбузарликлар профилактикаси, йўл ҳаракати хавфсизлиги, жамоат тартибини сақлаш ва қўриқлаш фаолияти йўналишлари бўйича кадрлар тайёрлашни кенгайтириш белгиланган. Шунга кўра, университетнинг йиллик қабул квоталари бакалавриатнинг кундузги таълим шаклида 600 нафаргача курсант, масофавий таълим шаклида эса 300 нафаргача тингловчини ташкил этади. Ушбу квоталарнинг тўртдан уч қисми ички ишлар вазирлиги тизими учун жамоат хавфсизлиги соҳасида кадрлар тайёрлашга йўналтирилади. Бу эса таълим жараёнини амалиётдаги эҳтиёжлар билан янада узвий боғлаш имконини беради.
Шунингдек, юриспруденция соҳасида кундузги таълим шаклида ҳуқуқбузарликлар профилактикаси, жамоат тартибини сақлаш, йўл ҳаракати хавфсизлиги ва қўриқлаш фаолияти каби ихтисосликлар бўйича кадрлар тайёрланади. Масофавий таълимда эса “Жамоат хавфсизлигини ҳуқуқий таъминлаш” йўналишига алоҳида эътибор қаратилади. Бундан ташқари, ички ишлар органлари ва Миллий гвардиянинг жамоат хавфсизлигини таъминлаш соҳасида камида беш йиллик амалий хизмат стажига эга ходимлари ва ҳарбий хизматчилари учун магистратура босқичида “Жамоат хавфсизлигини таъминлаш фаолиятини ташкил этиш” мутахассислиги бўйича таълим олиш имконияти яратилади.
Қарорнинг энг муҳим жиҳатларидан бири сифатида назария ва амалиёт уйғунлигини таъкидлаш лозим, яъни таълим жараёнида дуал таълим тизимини кучайтиришдир. Янги ёндашувга кўра, курсантлар фақат аудиторияда назарий билим олибгина қолмай, хизмат фаолиятига яқинлаштирилган шароитда амалий кўникмаларни ҳам эгаллайди.
Хусусан, биринчи курсда ўқув дастурларининг 80 фоизи назарий, 20 фоизи амалий машғулотларга; иккинчи курсда 60 фоиз назарий ва 40 фоиз амалий машғулотларга; учинчи курсда эса назарий ва амалий машғулотлар 50 фоиздан тақсимланади. Бу ёндашув курсантнинг босқичма-босқич билимдан амалий маҳоратга ўтиб боришини таъминлайди.
Амалий машғулотлар Тошкент шаҳри ва Тошкент вилояти ички ишлар органларининг тегишли бўлинмаларида ташкил этилади. Битирувчи курс курсантларининг тегишли соҳавий хизматларда “стажёр-инспектор” лавозимида амалиёт ўташи эса уларнинг келгуси касбий фаолиятига пухта тайёргарлик кўришига хизмат қилади.
Яна бир муҳим янгилик бу - ҳар бир курсант ва тингловчига ўқишни бошлашидан то уни тамомлагунга қадар тажрибали амалиётчи мутахассисни ментор-тютор сифатида бириктириш тартибининг жорий этилишидир. Бу ёш мутахассисларнинг касбий шаклланишида устоз-шогирд анъаналарини замонавий таълим талаблари билан уйғунлаштиради.
Қарорда таълим мазмунини янгилаш билан бир қаторда профессор-ўқитувчилар таркибини кучайтиришга ҳам алоҳида эътибор қаратилган. Жамоат хавфсизлиги соҳасида амалий тажриба ва профессионал маҳоратга эга маҳаллий ҳамда хорижий мутахассисларни ўқув жараёнига жалб этиш кўзда тутилган. Бу эса курсантларга соҳадаги реал амалиёт, замонавий ёндашувлар ва илғор хорижий тажрибани ўрганиш имконини беради.
Шунингдек, ҳуқуқбузарликлар профилактикаси фаолияти кафедрасини ташкил этиш ва уни юқори малакали профессор-ўқитувчилар билан таъминлаш белгиланган. Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар олий таълим муассасалари профессор-ўқитувчилари ўртасида ўзаро тажриба алмашиш ҳам йўлга қўйилади.
Қарор жамоат хавфсизлиги соҳасида кадрлар тайёрлашни таълим билан чеклаб қўймасдан, илмий-тадқиқот ва инновацион фаолият билан уйғунлаштиришни назарда тутади. Шу мақсадда, Жамоат хавфсизлиги университети ҳузурида Жамоат хавфсизлиги масалалари бўйича илмий-амалий тадқиқотлар институти ташкил этилади. Институтнинг муҳим вазифалари қаторида жамоат хавфсизлигига таҳдидларни ўрганиш, уларни баҳолаш ва прогнозлаш, оммавий тартибсизликларнинг сабаблари ҳамда уларда қўлланилаётган тактикаларни комплекс тадқиқ қилиш каби йўналишлар белгиланган.
Айниқса, сунъий интеллект ва предиктив таҳлил технологияларидан фойдаланишга эътибор қаратилаётгани диққатга сазовор. Ёшларнинг ушбу соҳадаги лойиҳаларини қўллаб-қувватлаш, халқаро ва республика хакатонларини ўтказиш ҳамда ғолиб лойиҳаларни грант асосида молиялаштириш режалаштирилган.
Халқаро ҳамкорликни ривожлантириш мақсадида университет негизида Жамоат хавфсизлиги минтақавий ўқув марказини ташкил этиш ҳам кўзда тутилган. Марказ хорижий етакчи ўқув муассасалари билан стратегик ҳамкорлик ўрнатиш, қўшма илмий-тадқиқот лойиҳаларини амалга ошириш ва хорижий ҳуқуқ-тартибот органлари ходимлари учун малака ошириш ҳамда қайта тайёрлаш курсларини ташкил этиш билан шуғулланади.
Эндиликда битирувчиларнинг касбий ўсиши мониторинг қилинади. Қарорга мувофиқ, университет битирувчиларининг касбий ўсиши ва хизмат самарадорлиги беш йил давомида ҳар йили мониторинг қилиб борилади. Бунда битирувчининг хизматда қолиши, бевосита раҳбарининг баҳоси, интизомий жазо ва рағбатлантиришлари, аттестация ва малака ошириш натижалари, хизмат ютуқлари ҳамда хизмат поғонасидаги ўсиши каби мезонлар ҳисобга олинади. Бу механизм таълим муассасаси зиммасига яна бир муҳим вазифани - ўз битирувчисининг кейинги касбий фаолияти натижадорлиги учун ҳам масъулиятни юклайди. Шу орқали “таълим - хизмат- натижа” тамойили асосида яхлит тизим шакллантирилади.
Хулоса қилиб айтганда, мазкур қарор жамоат хавфсизлиги соҳасида профессионал кадрларни тайёрлашни сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқишга қаратилган комплекс ҳужжатдир. Унда таълим квоталарини ошириш, мақсадли мутахассисликларни кенгайтириш, дуал таълимни кучайтириш, амалий машғулотларни хизмат бўлинмалари билан интеграция қилиш, менторлик тизимини жорий этиш, маҳаллий ва хорижий мутахассисларни жалб қилиш, илмий-тадқиқотларни ривожлантириш, сунъий интеллект ва предиктив таҳлилдан фойдаланиш, халқаро ҳамкорликни кенгайтириш ҳамда битирувчиларнинг касбий фаолиятини мониторинг қилиш каби ўзаро боғлиқ чоралар белгиланган.
Энг муҳими, ушбу қарор жамоат хавфсизлигини таъминлашда замонавий ёндашувларга эга, мустақил қарор қабул қила оладиган, ҳуқуқий билим ва амалий кўникмаларни уйғунлаштирган, фуқаролар билан самарали мулоқот қила оладиган профессионал кадрларни шакллантиришга хизмат қилади. Бу эса ўз навбатида аҳолининг тинчлиги ва осойишталигини таъминлаш, ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш, жамоат тартибини мустаҳкамлаш ва ҳуқуқ устуворлигини таъминлашнинг муҳим омили бўлиб хизмат қилади.
Бобоқул Тошев
юридик фанлар доктори,
профессор