Жамиятнинг фаол аёллари тақдирланди
Навоий шаҳар прокуратураси, вилоят хотин-қизлар тадбиркорлик маркази ва “Chados –2009” корхонаси ҳамкорлигида “Жамиятнинг фаол аёли” кўрик танлови ўтказилди.
8 март – Халқаро хотин-қизлар куни муносабати билан ташкил этилган танлов вилоятда янги иш ўринлари ташкил этиш, аҳоли даромадларини ошириш ва шу орқали камбағалликни қисқартиришга қаратилган имкониятларни кўрсатиб бериш ҳамда ўз фаолиятини бошлаган ҳунарманд хотин-қизларни рағбатлантиришга қаратилгани билан аҳамиятлидир.

Тадбирда 11 нафар ҳунарманд хотин-қизлар белгиланган учта шарт асосида ўз қобилият ва истеъдодини намойиш этди. Улар кераксиз ва фойдаланилмайдиган нарсалардан мижозлар талаб ва истаклари асосида санъат асари яратиб, бозорда ўз ўрнини топиш йўл-йўриқларини кўрсатиб берди.

Ҳакамлар ҳайъати қарорига кўра, 1-ўринни Гулноза Облаева, 2-ўринни Мунира Эргашева, 3-ўринни Гулноза Холмурзаева эгаллади. Шунингдек, танловда “Энг яхши лойиҳа”, “Энг яхши ғоя”, “Энг яхши инновацион таклиф” номинациялари бўйича ҳам ғолиб ва фаол иштирокчилар аниқланди.

– Бугун юртимизда барча хотин-қизларга, жумладан, имконияти чекланган аёлларга ҳам муносиб меҳнат шароити яратиб берилмоқда, – дейди танлов ғолиби Г.Облаева. – Ҳар бир киши меҳнат қилар экан, албатта, бу меҳнат қадрсиз эмас, унинг ўз баҳоси бор. Биздек имконияти чекланган хотин-қизларга юртимизда бир қатор имтиёз ва имкониятлар берилган. Мен ҳам бир йилдан буён Хотин-қизлар тадбиркорлик марказида ўқиб, шу жойнинг ўзида миллий ҳунармандчилик йўналишига ишга қабул қилиндим. Бугунги кунда ўз ишим ва даромадимга эгаман.
Ғолиб ва совриндорлар ташкилотчилар томонидан муносиб тақдирланди.
А.Бўриев, ЎзА