Жалолиддин Мангуберди ворислари беллашди
Наманганда Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ташкил этилганлигининг 30 йиллиги ҳамда Ватан ҳимоячилари куни олдидан “Жалолиддин Мангуберди ворислари” шиори остида вилоят ҳокими, ҳарбий-маъмурий сектор раҳбари соврини учун мусобақа бўлиб ўтди.
Вилоятдаги ҳарбий қисмларнинг муддатли ҳарбий хизматчилари ҳамда ёшлар ўртасида ташкил этилган мусобақанинг очилиш маросимида Наманган вилояти ҳокими ўринбосари, Туризм ва спорт бош бошқармаси бошлиғи Ботир Нуриддинов қатнашди.
Мусобақада Мудофаа вазирлиги, Миллий гвардия ва Ички ишлар вазирлигининг вилоятдаги ҳарбий қисмлари, Чақирилувчиларни ҳарбий-техник мутахассисликлар бўйича тайёрлаш маркази ҳамда Ёшлар иттифоқи вилоят кенгаши жамоалари иштирок этди.
Иштирокчилар 100 метрга югуриш, турникка тортилиш, тош кўтариш, АК-74 жанговар қуролини йиғиш йўналишидаги спорт турлари ҳамда Жалолиддин Мангуберди тарихи ва ҳаётига бағишланган интеллектуал танловда беллашди.
[gallery-5309]
Тадбир доирасида умумтаълим мактаби ўқувчилари ва касб-ҳунар мактаблари ёшлари учун турли ҳарбий техникалар ва қурол-яроғлар намойиши ташкил этилди.
Мусобақа ғолиб ва фаол жамоалари вилоят ҳокимининг ташаккурнома, диплом ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.
Ҳотам МАМАДАЛИЕВ (сурат), ЎзА