Жаҳон спортидаги ғалабаларимиз – ватан ифтихоридир
Ўтаётган йил давомида Ўзбекистон спортчилари халқаро мусобақаларда 1900 дан зиёд медаллар жамланмасига эга чиқди
Юртимиз спортчиларининг жаҳон спорт майдонларида довруқ қозонишида ички чемпионатларнинг, ўқув-машғулот йиғинларининг ўрни беқиёс.
Хўш, мамлакатимиз спортчилари 2022 йил давомида қанча ички чемпионатларда, ўқув-машғулот йиғинларида иштирок этди? Бунинг натижасида шаклланган, сараланган, тобланган спортчиларимиз нечта жаҳон чемпионати ва кубокларида қатнашдию, медаллар салмоғи қай кўринишда бўлди?
Спортни ривожлантириш вазирлиги жамоавий спорт турлари бўлими бошлиғи Нуриддин Маҳмудов билан шу ҳақда суҳбатлашдик.

– Ўтаётган йил мамлакатимиз спорти учун сермаҳсул давр бўлди. Ҳамюртларимиз бугунгача нечта жаҳон чемпионатларида қатнашиб, медаллар салмоғи қай кўринишда бўлди?
– Дарҳақиқат, ўтаётган йил Ўзбекистон спорти учун ютуқларга бой бўлди. Бугунгача юртимизнинг 380 нафар атрофидаги маҳоратли спортчилари 26 та спорт тури бўйича ўтган жаҳон чемпионатларида қатнашиб, 43 та олтин, 47 та кумуш, 42 та бронза, жами 132 та медаллар жамланмасини қўлга киритди.
– Қитъа чемпионатлари ва халқаро мусобақалардаги натижаларимиз қандай кўриниш олди?
– Жорий йил ўтиши керак бўлган ёзги Осиё ўйинларининг Хитойдаги эпидемиологик вазият туфайли бир йилга кечиктирилиши чемпионатлар ва халқаро мусобақалар сифатига таъсир кўрсатди. Шундай бўлсада, натижаларимиз ёмон кўриниш олмади. 400 нафарга яқин спортчиларимиз қитъа чемпионатларида, 5 мингдан ортиғи халқаро мусобақаларда ватанимиз шарафини ҳимоя қилди. Қитъа чемпионати ва кубок мусобақаларида ҳамюртларимиз 250 тага яқин совринли ўринларга сазовор бўлган бўлса, шундан, 80 та олтин, 76 та кумуш, 90 та бронза медалларидан иборат бўлди. Халқаро мусобақалардаги ютуқларимиз эса бундан ҳам эътиборли: 430 та олтин, 489 та кумуш, 521 та бронза медаллари.
– Халқаро мусобақалардаги натижалар албатта ички чемпионатлар ва ўқув-машғулот йиғинларининг самарадорлигига боғлиқ. Бу йил нечта Ўзбекистон чемпионати ва терма жамоалар учун қанча ўқув-машғулот йиғинлари ташкил этилди?
– Ҳақиқатан, жаҳон спорт майдонларидаги муваффақиятларимизнинг асосий омили, бу – ички чемпионатлар ва режали ўқув-машғулот йиғинлари ҳисобланади. Бугунгача мамлакатимиздаги мавжуд спорт турлари бўйича Спортни ривожлантириш вазирлиги тизимида умумий ҳисобда 550 га яқин расмий чемпионат ва кубок мусобақалари ўтказилди. Бу орқали 72 минг нафардан зиёд ўғил-қизлар орасидан маҳоратли спортчилар терма жамоаларга номзод сифатида сараланди. Улар чемпионлик шарафига эга бўлди. Сараланган спортчилар иштирокида 205 та ички ўқув-машғулот йиғинлари ва 85 та халқаро ўқув машғулотлар ташкил этилдики, айнан улар мамлакатимиз спортининг «олтин захираси», бўлди дейишимиз мумкин.
– Жаҳон спорт майдонларидаги умумий медалларимиз сони қанчани ташкил қилмоқда?
– Йил якунига қадар ҳали бир қатор спорт турларидаги вакилларимиз жаҳон чемпионатлари, «Париж-2024» олимпиадаси учун ўтказиладиган рейтинг турнирларда, очиқ биринчиликларда қатнашаётган паллада умумий совринларимиз сони 1900 тага яқинлашди.
Шундан 550 тадан ошиғи олтин медаллар эканлигини назарда тутсак, халқаро спорт майдонларида 500 мартадан ошиқ Ўзбекистон мадҳияси янграб, ватанимиз номи улуғланганлигини англатади.
Тўлқин Рўзиев суҳбатлашди, ЎзА