Жаҳон саммитида Самарқанд декларацияси қабул қилинди
Самарқандда ўтказилаётган “Болалар фаровонлигига инвестиция: келажак авлодларнинг барқарор ва адолатли тараққиёти сари йўл” бутунжаҳон саммити ҳамда болалар онкологияси бўйича II халқаро конгрессининг якуний пленар сессиясида “Болалар фаровонлигига инвестиция тўғрисидаги Самарқанд декларацияси” муҳокама қилинди.
ЮНИСEФнинг Ўзбекистондаги вакили Регина Мария Кастило икки кун давомида Самарқандда БМТ, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти, Жаҳон банки ва бошқа нуфузли халқаро ташкилотлар, 100 дан ортиқ давлатдан келган вазирлар, болалар саломатлиги ва ҳуқуқлари бўйича мутахассислар, экспертлар дунё болаларининг бугуни ва келажаги, фаровонлиги учун долзарб масалаларни муҳокама қилганини таъкидлади.

– Мазкур саммит орқали Ўзбекистон халқаро ташкилотлар ва дунё мамлакатлари ҳукуматлари билан болалар келажаги йўлида ҳамкорлик қилиш, тажриба алмашиш учун муҳим платформа яратди. Шунингдек, болаларга тенг ҳуқуқли муҳит ва шароит яратиш, уларнинг келажагига самарали инвестициялар киритиш ҳар қачонгидан ҳам зарурлигини кўрсата олди, – деди Регина Мария Кастило.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг маслаҳатчиси, Президент ҳузуридаги Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги директори Мансурбек Оллоёров саммит натижаларини сарҳисоб қилиб, муҳокама қилинган масалалар юзасидан асосий хулосалар билдирди.
– Саммитнинг тантанали очилиш маросими, юқори даражали меҳмонлар иштирокидаги ва бошқа панел сессияларда болаларнинг соғлом ўсиши, таълим олиши ва ҳуқуқлари билан боғлиқ муҳим масалалар муҳокама қилинди, – деди М.Оллоёров. – Дунё давлатларининг бу борадаги тажрибалари кўриб чиқилди, келгуси вазифаларга эътибор қаратилди. ЮНИСЕФ, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти, Жаҳон банки ва бошқа ташкилотлар билан бир қатор ҳужжатлар имзоланди, грантларни амалга оширишга келишилди. Бу ерда билдирилган ташаббуслар, ғоялар, тузилган йўл хариталари, меморандумлар болаларнинг фаровонлиги, хавфсиз муҳитда ўсиши, таълим олиши ва жамиятда ўз ўрнини топишига хизмат қилади. Биз хорижлик дўстларимиз, ҳамкорларимиз билан кўп лойиҳалар ҳақида гаплашдик, ўзаро тажриба алмашдик. Жумладан, кейинги йилларда Ўзбекистонда болалар ҳақ-ҳуқуқларининг тўла кафолатланиши борасидаги ишлар, уларнинг мактабгача таълимдан олий таълимгача қамров кўрсаткичи ошганлиги эътироф этилди. Биз бу борада ўз тажрибаларимизни бўлишишга, бошқа давлатларга ёрдам беришга, ҳамкорлик қилишга тайёрмиз.
Муҳокама давомида Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош котибининг болаларга нисбатан зўравонлик масалалари бўйича махсус вакили Нажат Маалла Мжид хоним, Жаҳон банкининг Марказий Осиё бўйича директори Нажи Бенхассин, ЮНИСEФнинг Европа ва Марказий Осиё, Яқин Шарқ ва Шимолий Африка бўйича минтақавий директори Эдуар Бегбедер, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг Ўзбекистондаги вакили ва ЖССТ мамлакат офиси раҳбари Ашина Халакдина сўзга чиқиб, саммит ва болалар онкологияси бўйича халқаро конгресс юқори даражада ўтганини қайд этиб, болалар фаровонлиги бўйича ўзаро тажриба алмашиш ва келгуси вазифаларни белгилашга имконият яратгани учун Ўзбекистон раҳбариятига миннатдорлик билдирди. Бу ерда кўриб чиқилган масалалар бўйича билдирилган таклифлар, хулосалар “Болалар фаровонлигига инвестиция тўғрисидаги Самарқанд декларацияси”да ўз аксини топганини таъкидлади.
– Биз Самарқанд декларациясини олимлар, улуғ алломалар юртида қабул қилмоқдамиз, буни унутмаслигимиз керак, – деди Жаҳон банкининг Марказий Осиё бўйича директори Нажи Бенхассин. – Мен саммит тадбирлари давомида Самарқанддаги Имом Бухорий ёдгорлик мажмуасини зиёрат қилиш имкониятига эга бўлганимдан жуда хурсандман. Ислом оламининг бу улуғ муҳаддиси болалиги ҳақида менга гапириб беришганида бир жиҳат эътиборимни тортди. Яъни, Имом Бухорийнинг болалиги ниҳоятда оғир кечган, ҳатто, кўзи ожиз бўлиб қолган экан. У Қуръонни ёд олаётганда устози унда ноёб истеъдод борлигини айтиб, руҳлантирган, уни қўллаб-қувватлаган экан. Ва у дунё тан олган муҳаддисга айланди. Демак биз ҳар бир болани эътибордан четда қолдирмаслигимиз, ундаги иқтидорни юзага чиқара олишимиз ва қўллаб-қувватлашимиз керак. Бу борада биргаликда ҳаракат қилишимиз, кучларимизни бирлаштиришимиз зарур. Ушбу саммитдан кўзланган мақсад ҳам шу. Биз бундай тадбирларни ўтказишда барча давлатларга ёрдам беришга тайёрмиз.
Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги директорининг биринчи ўринбосари Шаҳноза Мирзиёева саммитнинг Самарқанд декларацияси ва унинг асосий йўналишлари, ғоялари билан таништирди.
– Биз икки кун давомида муҳим масалаларни муҳокама қилдик, фикр ва тажриба алмашдик, янги ҳамкорлик йўлларини белгилаб олдик, – деди Шаҳноза Мирзиёева. – Энг муҳими, барчамиз эзгу мақсад – ҳар бир бола учун яхши келажак яратиш йўлида бирлашдик. Бу йўлда яна бир муҳим қадам қўйдик – “Болалар фаровонлигига инвестиция тўғрисидаги Самарқанд декларацияси”ни қабул қилдик. Биз ишонамиз, ҳар бир бола бахтли, соғлом, хавфсиз муҳитда улғайиши, билим олиши, орзу қилиши ва ўз орзуларига етиши керак. Чунки болаларга сармоя киритиш келажакка сармоя киритишдир. Болалар меҳр ва эътиборни эртага эмас, бугун ҳис қилиши шарт. Биз биргаликда болаларни ижтимоий ҳимоя қилиш тизимини кучайтирамиз, уларни зўравонликдан ҳимоя қиламиз, ҳар бир боланинг яхши таълим олиши учун имконият яратамиз. Тиббий хизматдан барча болалар фойдаланиши учун шароит яратамиз, болалар саратонига қарши биргаликда курашамиз. Фарзандларимизни келажакка ҳар томонлама тайёрлаймиз. Бу эзгу мақсадларга эришиш учун барча имкониятларимизни бирлаштирамиз. Болалар биздан ваъда эмас, натижа кутади. Саммит якунланмоқда, лекин бизнинг эзгу ишларимиз давом этади. Келинг, ҳар бир бола учун муносиб келажак яратайлик.
Декларация иштирокчилар томонидан қўллаб-қувватланди ва унда белгиланган қоидалар, мажбуриятлар ва вазифаларни амалга оширишда ҳамжиҳатликда ҳаракат қилиш, кучларни бирлаштиришга келишиб олинди.
Ғолиб Ҳасанов, ЎзА мухбири