Жаҳон ОАВси Ўзбекистон ҳақида нималарни ёзмоқда?
Сўнгги йилларда Ўзбекистонда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар натижасида мамлакатимизнинг дунё миқёсдаги мавқеи ортиб, халқаро рейтингларда муносиб ўрин эгалламоқда.
Шуни алоҳида қайд этиш керакки, бундан бир неча йиллар аввал жаҳон оммавий ахборот воситаларида Ўзбекистон ҳақида йилда бир-икки мақола ё хабарлар чоп этилган бўлса, ҳозирги кунда дунёнинг қатор ахборот тармоқлари, газета, журналларида Ўзбекистон ҳақидаги хабар ва мақолалар мунтазам бериб борилади.
“The Daily Beast” интернет нашрида эълон қилинган "Бу сизнинг Ўзбекистонга бўлган қизиқишингизни оширади" мавзусидаги мақолада жаҳонга машҳур нашриётчи Яффа Aссулин ва фотограф Лазиз Хамани ижодига мансуб "Ўзбекистон. Самарқандга йўл" номли китобнинг мазмун-моҳияти баён этилган.
“Мазкур китоб Марказий Осиёнинг бой маданий мероси тасвирланган кўзни қамаштирувчи фотосуратлар билан бойитилган бўлиб, ўлкага саёҳат китоб муқовасидан бошланади. Китобнинг илк саҳифаларидан муаллиф ўқувчини мамлакат бўйлаб "шахсий саёҳат" га олиб боради. Муаллиф ўз битикларида шундай сўзларни қўллаганки, сўзларнинг таъсирчанлиги-ю жозибаси билан бу таърифлар худди севги битикларига ўхшаб кетади” дейилади мақолада.
Дунёнинг етакчи ахборот тармоқларидан бири “Euronews” телеканали сайтида "Ўзбекистон Марказий Осиёнинг транспорт-энергетика марказига айланади" мавзусида берилган мақолада эса мамлакатимизда транспорт-логистика соҳасида амалга оширилаётган кенг кўламли ишлар ёритилган.

"Ўзбекистон Марказий Осиёнинг транспорт- логистика марказига айланишга интилмоқда. Географик жиҳатдан халқаро транспорт қатновида денгизга чиқиш имкони йўқлигини ҳисобга олган ҳолда мамлакат ҳукумати халқаро қатнов тизимини темир йўл орқали кенгайтирмоқда. Нафақат халқаро транспорт қатновлар балки, ички ҳудудлар орасидаги логистик қатновларни яхшилашга катта аҳамият қаратилиб, бу ишлар учун катта маблағ сарфланмоқда" дейилади мақолада.
“Regnum” ахборот агентлигида Ўзбекистон транспорт-логистика соҳасига оид берилган хабарда эса, Ўзбекистон темир йўл тармоғини модернизация қилиш учун Осиё тараққиёт банки томонидан ажратилган маблағлар Ўзбекистон темир йўл тизми имкониятларини кенгайтириш билан бирга Фарғона водийси иқтисодиёти ривожланишида муҳим аҳамият касб этиши қайд этилган.
“Eureporter” интернет нашрида "Европа парламенти аъзоси Ўзбекистондаги катта тараққиётни олқишлади" мавзусида мақола берилди. Унда Европа парламенти аъзоси Андрис Америкснинг "Ўзбекистон билан Европа Иттифоқи ўртасида Кенгайтирилган шериклик ва ҳамкорлик тўғрисидаги битим" лойиҳаси хусусидаги фикр-мулоҳазалари келтирилган.
Хусусан, мақолада Андрис Америкснинг "Ўзининг кўп сонли аҳолиси ва чегараланган ҳудудига эга бўлган, Марказий Осиёнинг бошқа барча мамлакатлари, хусусан, Афғонистон билан чегарадош бўлган Ўзбекистон, шубҳасиз, Европа Иттифоқининг минтақадаги асосий шерикларидан биридир.1991 йил, Ўзбекистон ўз мустақиллигини қўлга киритгандан буён Европа Иттифоқи ва Ўзбекистон муносабатлари барқарор ривожланиб бормоқда. 1996 йилда имзоланган "Кенгайтирилган шериклик ва ҳамкорлик тўғрисидаги битим" иккала томонни сиёсий, савдо-иқтисодий соҳаларда яқин ҳамкорлик қилишга ундади. Сўнгги йилларда Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотлар натижасида мамлакатда инсон ҳуқуқларини таъминланиши, қўшни давлатлар ва дунёнинг бошқа давлатлари билан муносабатларни яхшилашда, минтақада хавфсизлик ва барқарорликни таъминлашда катта натижаларга эрилшмоқда. Албатта, Ўзбекистоннинг Европа билан ҳамкорлигини мустаҳкамаланиши мамлакат учун анча муваффақиятлар келтиради. Шунингдек, Ўзбекистон ҳукуматининг мамлакатда барқарор ривожланишни таъминлашдаги ҳаракатлари алоҳида тахсинга сазовардир” деган сўзлари иқтибос қилиб келтирилган.
Зуҳра МИРЗАБОЕВА, ЎзА