Жаҳон матбуоти саҳифаларида Ўзбекистон
«Ўзавтосаноат» ва “BYD” ўртасида меморандум имзоланди
«Синьхуа» ахборот агентлиги. «Ўзавтосаноат» компанияси Хитойнинг электромобил ишлаб чиқарувчи “BYD Auto Industry Co., Ltd.” компанияси билан шартнома тузди. Келишувга кўра, томонлар Ўзбекистонда янги энергия манбаларида енгил автомобил ва автобус ишлаб чиқариш бўйича қўшма лойиҳани амалга ошириш имкониятини ўрганишга келишиб олди. Ҳамкорлик доирасида гибрид, электромобил ва электробус ишлаб чиқарилади, савдо ва хизмат кўрсатиш, жумладан, электромобилларни қувватлантириш ускунлари ва моторини таъмирлаш тармоғи ҳам йўлга қўйилади.
Янги энергия манбаларида транспорт воситаси ишлаб чиқариш билан шуғулланадиган “BYD Co Ltd.” турли мамлакатларда 8 та заводга эгалик қилади. Йилига 1 миллион дона автомобил ишлаб чиқарадиган ушбу трансмиллий компания энди қувватни икки баробар оширишни режалаштирмоқда. Жамоада 220 мингдан зиёд ишчи меҳнат қилади.
Ўзбекистон хусусий секторида олиб борилаётган ислоҳотлар Франция ОАВ нигоҳида
Франциянинг «Le Courrier de l’Atlas» журналида “Ўзбекистон: мамлакатни жадал модернизациялаш учун хусусий секторни кенг кўламли ислоҳ қилиш” сарлавҳаси остида мақола чоп этилди. Материалда Ўзбекистонда кўплаб асосий соҳалар, жумладан, хусусий секторни ислоҳ қилиш бўйича янги вазифалар белгилангани, хусусийлаштириш жараёнини тезлаштириш, коррупция ва иқтисодиётни монополиядан чиқаришга қарши курашиш бўйича янги чора-тадбирлар бошланганига эътибор қаратилган.
«Ўзбекистон ҳукумати барча тармоқларда хусусий секторнинг ролини ошириш бўйича дадил қадамларни қўймоқда, – дейилади мақолада. – Бу борада давлат иштирокидаги корхоналарни хусусийлаштиришни жадаллаштириш, энергия ресурслари, транспорт, коммуникация бозорини ривожлантириш ҳамда шу соҳаларга хусусий инвестиция жалб қилиш учун шарт-шароит яратишга алоҳида эътибор бериляпти».
Нашр ёзишича, давлат тасарруфидан чиқариш автомобил ва темир йўл соҳаларига таъсир кўрсатади ва бунда давлат-хусусий шериклик лойиҳалари кескин кўпайиши, солиқ қонунчилиги ўзгариши, норезидентлар яшаши учун рухсатнома берилиши бўйича имконият кенгайиши кутилмоқда. «Режалаштирилган бу каби янги чора-тадбирлар нафақат Ўзбекистоннинг янада жозибадор мамлакатга айланишига кўмаклашади, балки мамлакатнинг иқтисодий ўсишини ҳам жадаллаштириши керак», – ёзади муаллиф.
Хитой ва Ўзбекистон олимлари биологик хилма-хилликни ўрганиш ва сақлаш соҳасида ҳамкорлик қилишмоқда
Бугунги кунда Хитой ва Ўзбекистон ўртасида қўшма илмий тадқиқотлар олиб бориш ва илмий технологиялар соҳасидаги ҳамкорлик устувор йўналишлардан биридир. Сўнгги йилларда икки мамлакат олимлари ландшафтдаги биологик хилма-хилликни ўрганиш ва сақлаб қолиш бўйича салмоқли илмий ва амалий натижага эришди. 2019 йил Ўзбекистон Фанлар академияси ҳузуридаги Ботаника боғида ташкил этилган Ўзбекистон-Хитой боғи (“Global Allium Garden Tashkent Center”) бугунги кунда ҳамкор мутахассисларнинг машаққатли меҳнати ва дўстлигининг ёрқин далили сифатида баҳоланмоқда. Айни пайт Эрон, Афғонистон, Марказий Осиё, Кавказ ва Ўрта ер денгизи бўйи давлатларидан ёввойи пиёзнинг 120 дан зиёд тури дамланган бу жой аллақачон Тошкент аҳолиси ва меҳмонларининг севимли масканига айланган.
Боққа ташриф буюрган Синьхуа ахборот агентлиги ижодий гуруҳи мазкур ажойиб масканнинг барпо этилишига илмий ва амалий ҳисса қўшган инсонлардан бири, Ўзбекистон флораси лабораторияси мудири, академик Комил Тожибоев билан суҳбатлашди. “Глобал иқлим ўзгариши шароитида биологик хилма-хилликни сақлаш жуда муҳим аҳамиятга эга” – дейди олим, жумладан, интервью бераркан.
Ўзбекистон Япония оммавий ахборот воситалари нигоҳида
«Nikkei Inc.» Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари – инвестициялар ва ташқи савдо вазири Сардор Умурзоқов Япониянинг «Nikkei Inc.» агентлиги журналистига интервью берди. Суҳбат давомида кенг кўламли масалалар кўтарилди, Янги Ўзбекистоннинг 2022-2026 йилларга мўлжалланган тараққиёт стратегиясининг устувор йўналишларига алоҳида эътибор қаратилди. С.Умурзоқов Стратегиянинг ишлаб чиқилиши тамойили, амалга оширилиши ва мазкур ҳужжатни амалга оширишдан кутилаётган натижалар ҳақида батафсил гапириб берди. Йирик давлат корхоналарини хусусийлаштириш ва янги лойиҳаларга хусусий секторни фаол жалб қилиш орқали мамлакат саноатини модернизация қилиш, иқтисодиётнинг муҳим тармоқларини ўзгартириш режаси маълум қилинди. Миллий иқтисодиёт рақобатбардошлигини ошириш ва барқарор ўсишни таъминлаш – тармоқларни ислоҳ қилишнинг устувор йўналиши экани қайд этилди.
Шу нуқтаи назардан япон сармоядорлари учун энг истиқболли ва сармоявий соҳалар санаб ўтилди: анъанавий ва муқобил энергетика, қишлоқ хўжалиги, тўқимачилик, чарм-пойабзал, ипакчилик, кимё ва фармацевтика саноати, ахборот технологиялари ва соғлиқни сақлаш.
Ўзбекистон ва Япония ўртасидаги инвестиция, савдо, молиявий ва техник, маданий гуманитар ҳамкорликнинг бугунги ҳолатига ҳам эътибор қаратилди.
Маълумот ўрнида: «Nikkei Inc.» – Япониянинг энг йирик медиа компаниялардан бири бўлиб, 30 миллион ўқувчи ушбу кундалик газета обуначиси ҳисобланади. Компания 1876 йил фаолият бошлаган. Ҳозирги кунда «Nikkei Inc.» икки йирик халқаро нашрнинг эгаси: ҳар куни нашр этиладиган «Nikkei Asia» янгиликлар журнали ва «Financial Times» кундалик газетаси.
Бизнинг “Жаҳон матбуоти саҳифаларида” номли янги рукнимизга оид тилакларингиз, таклиф ва фикр-мулоҳазаларингизни pochta@uza.uz манзилига юборишингизни сўраймиз.
И.Абдумаликзода тайёрлади.
ЎзА