Жаҳон кубоги мусобақаси ғолиб ва совриндорлари тантанали кутиб олинди
Жорий йилнинг 19–27-апрель кунлари Миср пойтахти Қоҳирада ўқ отиш спорти бўйича ёшлар ўртасидаги Жаҳон кубоги мусобақаси бўлиб ўтди. Унда иштирок этган ўзбекистонлик спортчилар 1 тадан олтин, кумуш ва бронза медалларини қўлга киритишди.
Мазкур нуфузли мусобақада ўқ отиш бўйича 12 нафар делегация аъзолари (2 нафар тренер, 10 нафар спортчи) иштирок этди.

Жаҳон кубогининг илк кунидаёқ юртимиз спортчилари муносиб натижаларни қайд этди. 10 метр масофага тўппончадан отиш баҳсларида Ўзбекистон терма жамоаси аъзоси, Мудофаа вазирлиги Спорт маркази спортчиси, кичик сержант Содиқжон Абдуллаев юксак маҳорат ва қатъият намоён этиб, терма жамоамиз ҳисобига илк — кумуш медални қўлга киритди.

Шундан сўнг, 10 метр масофага пневматик милтиқдан отиш баҳсларида терма жамоамиз аъзоси Жовоҳир Сохибов олтин медални қўлга киритди.

Мусобақанинг сўнги кунларида пневматик милтиқдан 50 метр масофага 3 хил ҳолатда отиш баҳсларида терма жамоамиз аъзоси Никита Соколов бронза медалига сазовор бўлди.

Бугун ушбу нуфузли мусобақада яна бир тарихий натижа билан қайтган спортчиларимиз Ислом Каримов номидаги халқаро аэропортда тантанали кутиб олинди.


Унда иштирок этган Мудофаа вазирлиги ҳамда Ўзбекистон Ўқ отиш федерацияси вакиллари спортчиларимизни ушбу муносиб ғалабалар билан самимий табриклаб, уларнинг келгусида янада юксак марраларни забт этишларига тилак билдиришди.
ЎзА