“Жаҳон чемпионати – 2026”: “B” гуруҳида ҳам бизни кучли рақобат кутмоқда
Футбол мухлислари интиқлик билан кутаётган футбол бўйича жорий йилги Жаҳон чемпионати бошланишига ҳам 22 кун қолди. АҚШ, Канада ва Мексика мезбонлигида ўтадиган мундиал арафасида жамоаларнинг мазкур босқичгача босиб ўтган йўли ҳақида маълумот бериб ўтяпмиз.
Олдинги мақолаларда “А” ва “К” гуруҳларидан ўрин олган терма жамоалар ҳақида тўхталган эдик. Бугун “B” гуруҳи иштирокчилари — Канада, Швейцария, Қатар ҳамда Босния ва Герцеговина терма жамоалари ҳақида гаплашамиз. Улар саралаш босқичида қандай натижалар қайд этди, қайси муҳим ўйинлар орқали мундиал йўлланмасини таъминлади — шу ҳақда батафсил.
Дастлаб мусобақа мезбонларидан бири — Канада терма жамоаси ҳақида қисқача тўхталамиз. Жамоа мундиалга мезбон сифатида тўғридан-тўғри йўлланма олгани боис, дунё бўйлаб ўтган саралаш баҳслари давомида турли қитъа вакилларига қарши ўртоқлик учрашувларини ўтказди. Шунингдек, мусобақа арафасида Канада терма жамоаси Ўзбекистон ва Ирландия термаларига қарши назорат ўйинларида майдонга тушиши режалаштирилган.

Гуруҳнинг яна бир кучли жамоаларидан бири — Швейцария Европа қитъасидаги саралаш баҳсларининг “B” гуруҳида 14 очко жамғариб, биринчи ўрин билан Жаҳон чемпионати йўлланмасини қўлга киритди.
Саралашнинг “H” гуруҳида иштирок этган Босния ва Герцеговина терма жамоаси эса 17 очко билан иккинчи поғонани эгаллади ва Европа плей-офф босқичига йўл олди. Плей-офф ярим финалида жамоа Уэльс билан асосий вақтда 1:1 ҳисобида дуранг ўйнади. Пенальтилар сериясида эса боснияликлар 4:2 ҳисобида устун келиб, финалга чиқди.
Ҳал қилувчи баҳсда Италия терма жамоасига қарши кечган учрашувнинг асосий вақти ҳам 1:1 ҳисобида якунланди. Пенальтилар сериясида эса Босния ва Герцеговина 4:1 ҳисобида ғалаба қозониб, мундиал йўлланмасини расман таъминлади.

Осиё қитъаси вакили сифатида қатнашадиган Қатар терма жамоаси Жаҳон чемпионати сари курашни саралашнинг иккинчи босқичидан бошлади. Қатарлик футболчилар иккинчи босқичнинг “A” гуруҳида 16 очко тўплаб, биринчи ўринни эгаллади. Учинчи босқичда эса жамоа 13 очко жамғариб, ўз гуруҳида тўртинчи ўрин билан кейинги босқичга чиқди.
Шундан сўнг Қатар қитъанинг яна олти терма жамоаси билан мундиал йўлланмаси учун баҳс олиб борди. Якуний саралаш босқичида “A” гуруҳида 4 очко билан пешқадам бўлган қатарликлар “ЖЧ-2026” финал босқичи йўлланмасини қўлга киритишга муваффақ бўлди.
Ҳа, бу жамоалар, тўрт йилликнинг энг нуфузли мусобақаси томон турли йўллар билан етиб келди. Фикримизча, мундиалнинг ушбу гуруҳида ҳам бизни бир-биридан қизиқарли баҳслар кутмоқда.

Дарвоқе, “B” гуруҳидан ўрин олган жамоалар иштирокидаги учрашувлар 12-24 июнь кунлари бўлиб ўтади:
12 июнь: Канада — Босния ва Герцеговина
Стадион: BMO Field;
13 июнь: Қатар — Швейцария
Стадион: Levi's Stadium;
18 июнь: Швейцария — Босния ва Герцеговина
Стадион: SoFi Stadium;
Канада — Қатар
Стадион: BC Place;
24 июнь Швейцария — Канада
Стадион: BC Place;
Босния ва Герцеговина — Қатар
Стадион: кейинроқ маълум қилинади.
Жавоҳир Тошхўжаев, ЎзА