Жаҳон банки вакиллари Наманганда
Кейинги йилларда ҳудудларни комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш мақсадида Жаҳон банки томонидан бир қатор истиқболли лойиҳалар амалга оширилмоқда.
Мазкур халқаро ташкилотнинг Муҳаммад Нада бошчилигидаги вакиллари Наманган вилояти ҳокими Шавкат Абдураззоқов билан учрашди. Мулоқотда ўзаро ҳамкорликнинг устувор йўналишлари муҳокама қилинди. Вилоят раҳбари мамлакатимиздаги ўзгаришлар, аҳоли учун муносиб яшаш шароитларини яратиш борасида олиб борилаётган ишлар ҳақида батафсил маълумот берди.
Делегация томонидан урбанизацияни барқарор ривожлантириш, маълумотлар миллий инфратузилмаси геопорталини яратиш, истиқболли ҳудудларни аниқлаш ва уларнинг мастер режаларини ишлаб чиқиш, шаҳар муҳандислик инфратузилмасини янада яхшилаш лойиҳасини амалга ошириш бўйича тақдимот ўтказилди. Ҳозирги кунда Мингбулоқ ва Тўрақўрғон туманлари кесишмасида жойлашган, уч минг йиллик тарихга эга Ахсикент археология мероси ёдгорлигида туризмни ривожлантириш бўйича лойиҳа билан танишган меҳмонлар мазкур хайрли ташаббусни амалга оширишда кўмак ва ўз хизматларини таклиф этди.
Шунингдек, халқаро иқтисодий муассаса делегацияси аъзолари Давлатобод туманида барпо этилаётган “Янги Наманган” шаҳарчаси, Тўрақўрғон туманида амалга оширилаётган “Янги Ўзбекистон” боғи қурилиши лойиҳалари билан ҳам танишиб, бу борада ўз таклифларини билдирди.
[gallery-15045]
Жаҳон банки вакиллари Наманган шаҳрида урбанизацияни барқарор ривожлантириш бўйича лойиҳасини амалга ошириш юзасидан вилоят ҳокимининг ўринбосари Саидаҳмад Султонов, Наманган шаҳар ҳокими Ғофуржон Жамолов ва масъул ташкилотлар раҳбарлари билан музокара ўтказди. Шунингдек, учрашувда Наманган шаҳрида ичимлик сув иншоотлари, канализация тармоқларини яхшилаш бўйича дастлабки ўрганишлар бўйича фикрлар алмашилди.
Халқаро ташкилот делегацияси Давлатобод туманида ҳам бўлиб, кўп қаватли уйларнинг иситиш тизими қай даражада ташкил этилганлигини бориб кўрди. Меҳмонларга Хитойдан келтирилган иситиш қозонларининг афзаллиги, бу табиий газ ва электр энергиясини иқтисод қилишда қўл келаётгани ҳақида маълумот берилди. Ҳозирда туманнинг Тўқувчи, Навбаҳор, Мустақиллик ва Порлоқ маҳаллалари ҳудудларида жами 152 та кўп қаватли уй, 7 минг 582 та хонадон, 20 минг нафардан ортиқ аҳоли ҳамда 23 та ижтимоий соҳа объекти ушбу қулайликдан баҳраманд бўлмоқда. Меҳмонлар Тўрақўрғон туманида жойлашган Ахси саййидлари мажмуасида бўлиб, нодир қўлёзмалар фонди билан ҳам танишди.
Оқилхон Дадабоев,
Ҳотам Мамадалиев (сурат), ЎзА.