Жаҳолатга қарши маърифат — энг таъсирчан куч
Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи Сирдарё вилояти кенгаши ҳамда Сирдарё вилояти Ички ишлар бошқармаси Терроризмга қарши курашиш бошқармаси ҳамкорлигида Тошкент ҳарбий округи тасарруфидаги Мирзаобод туманида жойлашган ҳарбий қисмда “Жаҳолатга қарши маърифат” мавзусида маърифий йиғилиш ташкил этилди.
Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Сирдарё вилояти кенгаши ҳамда Сирдарё вилояти Ички ишлар бошқармаси Терроризмга қарши курашиш бошқармаси ҳамкорлигида Тошкент ҳарбий округи тасарруфидаги Мирзаобод туманида жойлашган ҳарбий қисмда “Жаҳолатга қарши маърифат” мавзусида маърифий йиғилиш ташкил этилди.

Тадбирда ҳарбий хизматчилар, ёшлар етакчилари, соҳа мутахассислари ва кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этди. Учрашувдан кўзланган асосий мақсад ёшларни турли ёт ғоялар, экстремистик ва бузғунчи оқимлар таъсиридан асраш, уларнинг ҳуқуқий ва мафкуравий иммунитетини мустаҳкамлаш, Ватанга муҳаббат ва садоқат туйғуларини янада кучайтиришдан иборат бўлди.


Тадбир давомида сўз олган маърузачилар мамлакатимизда ёшларга яратилаётган кенг имкониятлар, уларнинг билим олиши, касб-ҳунар эгаллаши ва ўз иқтидорини намоён этиши учун амалга оширилаётган ислоҳотлар ҳақида тўхталдилар. Шу билан бирга, бугунги глобаллашув шароитида интернет тармоғи ва ижтимоий платформалар орқали тарқатилаётган турли мафкуравий таҳдидлар, сохта ахборотлар ва ёт ғояларнинг салбий оқибатлари ҳақида фикр юритилди.
– Биламизки, жаҳолат ва маънавий бўшлиққа қарши курашишнинг энг самарали йўли — маърифат, билим ва юксак тафаккурдир. Шу боис ёшларда танқидий фикрлаш кўникмаларини шакллантириш, миллий ва умуминсоний қадриятларга ҳурмат руҳини мустаҳкамлаш, бағрикенглик ва ватанпарварлик туйғуларини қарор топтириш муҳим аҳамият касб этади. Ана шу мақсадда бу каби маърифий тадбирларни нафақат ҳарбий қисмларда, балки Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Сирдарё вилояти кенгаши билан ҳамкорликда таълим муассасалари, давлат ва нодавлат ташкилотлари, айниқса, ёшлар таълим олаётган ва меҳнат қилаётган корхона ҳамда муассасаларда ҳам мунтазам ташкил этмоқдамиз. Зеро, ёшларни турли ёт ғоялар ва мафкуравий таҳдидлар таъсиридан асраш, уларнинг ҳуқуқий ва маънавий иммунитетини мустаҳкамлаш бугунги куннинг долзарб вазифаларидан бири ҳисобланади, – дейди тадбирда иштирок этган Ички ишлар бошқармаси Тезкор қидирув хизмати Терроризмга қарши кураш бошқармаси катта мутахассиси майор Азизбек Мамарасулов.
Тадбир иштирокчиларига мафкуравий таҳдидларга қарши маърифат билан курашиш, ёшларнинг онг-у тафаккурини мустаҳкамлаш, уларни Ватан равнақи ва халқ фаровонлиги йўлида фидойилик билан хизмат қилиш руҳида тарбиялаш масалалари юзасидан атрофлича маълумотлар берилди.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири