Жадидлар мероси — ёш авлод қалбида
ФОТОРЕПОРТАЖ
Жиззах вилояти Дўстлик туманидаги ихтисослаштирилган мактаб томонидан ёшлар маънавиятини юксалтириш, китобхонлик маданиятини ривожлантириш, жадид боболаримизнинг ибратли ҳаёти ва бой маънавий меросини чуқур ўрганишга қаратилган “Биз жадидларни ўрганамиз” шиори остида “Бир ойда бир китоб” лойиҳаси доирасида танлов бўлиб ўтмоқда.
Лойиҳа жорий йилнинг февраль ойидан бошлаб йўлга қўйилди. Унинг доирасида Aбдулҳамид Чўлпон, Маҳмудхўжа Беҳбудий, Aбдулла Қодирий каби буюк жадидларнинг ҳаёти ва ижоди ўрганилмоқда. Танлов китобхонлик маданиятини шакллантиришда муҳим ўрин тутиб, ўқувчиларнинг билими ва дунёқарашини кенгайтиришга хизмат қиляпти.
- Лойиҳани бошлаганимизда 300 нафарга яқин ўқувчи қатнашган эди, - дейди мактаб директори Шоҳруҳ Ваққосов. - Бугунги кунда эса 700 нафардан ортиқ ўғил-қиз фаол иштирок этмоқда. Лойиҳа доирасида ҳар ойда бир жадид адибининг асарлари ўрганилиб, таҳлил ва мушоҳадалар асосида икки босқичда танлов ташкил қилинмоқда. Ғолиблар диплом ва пул мукофотлари билан рағбатлантириляпти.
[gallery-23605]
Жамшид ЁРБЕКОВ (сурат), ЎзА