Жадидлар мероси – миллий ўзига хослик
Жадидлар ва қатағон қурбонлари тушунчалари бир-бири билан чамбарчас боғлиқ бўлиб, улар ўзбек халқининг миллий ўзлиги ва мустақиллиги учун курашган ягона авлоднинг фожиали тақдирини ифодалайди.
Маҳмудхўжа Беҳбудий, Мунавварқори, Абдулла Қодирий, Фитрат, Чўлпон ва бошқа кўплаб жадид боболаримиз халқни жаҳолатдан қутқариш, таълимни ислоҳ қилиш ва миллий мустақилликка эришишга интилганлар. Айнан шу ғоялар шўро тузуми учун хавфли деб топилган ва уларни «миллатчи», «пантуркист» каби тамғалар билан қатағон қилишга сабаб бўлган.
1937–1938 йиллардаги «катта террор» ва ундан олдинги сиёсий қатағонларнинг асосий қурбонлари айнан жадидлар ва уларнинг маслакдошлари бўлгани бугун кўпчиликка аён. Жадидларнинг қатағон қилиниши нафақат шахсларнинг жисмоний йўқ қилиниши, балки халқнинг миллий уйғониш ҳаракатига берилган қаттиқ зарба эди. Уларнинг асарлари ва ғоялари ўнлаб йиллар давомида тақиқлаб келинган.

Юртимизда 31 август — Қатағон қурбонларини ёд этиш куни сифатида нишонланади. Тошкентдаги «Шаҳидлар хотираси» хиёбони ва Қатағон қурбонлари хотираси давлат музейи айнан мана шу жадид боболаримизнинг жасорати ва фожиали тақдирини авлодларга эслатиб туради.
Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети академик лицейида бўлиб ўтган “Жадидлар мероси – миллий ўзига хослик” мавзусидаги илмий-маърифий конференцияда шу ҳақда атрофлича сўз юритилди.
Мазкур тадбир жадидлар ҳаракати ва унинг намояндалари томонидан қолдирилган бой маънавий-маърифий меросни чуқур ўрганиш ҳамда кенг тарғиб этишга бағишланди.
Конференцияда ёшлар онгида миллий ўзликни англаш, тарихий хотира ва миллий қадриятларга ҳурмат туйғусини мустаҳкамлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Шу билан бирга, жадидлар ғояларининг бугунги кундаги долзарблиги ва аҳамияти атрофлича ёритиб берилди.

Конференция давомида жадидларнинг илм-фан, таълим ва жамият тараққиётига қўшган ҳиссаси, уларнинг миллий уйғониш йўлидаги фидокорона фаолияти алоҳида таъкидланди.
Иштирокчилар томонидан мавзу юзасидан фикр-мулоҳазалар билдирилиб, ёш авлодни ватанпарварлик, миллий ғурур ва тарихий меросга садоқат руҳида тарбиялаш зарурлиги қайд этилди.
Шунингдек, академик лицей ўқувчилари томонидан тайёрланган жадидчилик ҳаракати ва жадидлар фаолиятини акс эттирган саҳна кўринишлари, бадиий чиқишлар намойиш этилди.
Тадбир якунида бундай илмий-маърифий учрашувларни мунтазам равишда ташкил этиш, жадидлар меросини янада чуқур ўрганиш ва уни кенг жамоатчиликка етказиш муҳим аҳамият касб этиши эътироф этилди.
Н.Усмонова, ЎзА