Жадидлар мероси – миллат маънавияти кўзгуси
18 май – Халқаро музейлар куни
18 май – Халқаро музейлар куни муносабати билан Навоий давлат университети тузилмасидаги “Қатағон қурбонлари хотираси” музейида жадидлар хотирасига бағишланган “Миллат фидойилари” мавзусидаги кўргазманинг очилиш маросими бўлиб ўтди.

Ушбу маънавий-маърифий тадбирда иштирокчиларга жадид боболаримизнинг миллат равнақи, илм-маърифат ва озодлик йўлидаги фаолияти тўғрисида маълумот берилди.
Кўргазмада жадидчилик ҳаракатининг ёрқин намояндалари ҳаёти, уларнинг бой илмий ва маърифий мероси, шунингдек, қатағон йилларида кечирган машаққатли тақдирига оид тарихий ҳужжатлар, архив материаллари ва ноёб экспонатлар намойиш этилди.
Тадбир иштирокчилари жадидларнинг миллий уйғониш, янги таълим тизимини шакллантириш, ёшларни илм-фанга чорлаш ва халқни тараққиётга етаклаш борасидаги хизматлари ҳақида кенг маълумотларга эга бўлди.

– Бугунги Янги Ўзбекистонда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар замирида ҳам айнан жадидлар орзу қилган тараққий этган, билимли ва эркин жамият ғоялари мужассам, – дейди музей директори Хуршид Қурбонов. – Мамлакатимизда илм-фан, таълим, маданият ва миллий қадриятларни асраб-авайлашга қаратилаётган юксак эътибор жадидлар меросининг амалий давоми сифатида намоён бўлмоқда. Хусусан, сўнгги йилларда музейлар фаолиятини такомиллаштириш, тарихий меросни асраш ва уни ёшлар орасида кенг тарғиб этиш бўйича қатор муҳим ишлар амалга оширилмоқда. Замонавий музейлар нафақат тарихни сақловчи маскан, балки ёшларни миллий ғурур, ватанпарварлик ва маънавий баркамоллик руҳида тарбияловчи муҳим маърифат ўчоғига айланмоқда.

Президентимиз томонидан илгари сурилаётган “Инсон қадри учун” тамойили ҳам жадидлар орзу қилган адолатли ва маърифатли жамият ғоялари билан ҳамоҳангдир. Ёшларга яратилаётган имкониятлар, таълим соҳасидаги ислоҳотлар, хорижий тиллар ва замонавий технологияларни ўрганишга бўлган кенг эътибор буларнинг барчаси миллат келажагига қаратилган муҳим қадамдир.
Бундай маънавий-маърифий тадбирлар ёшларнинг тарихий хотирасини мустаҳкамлаш, уларни миллий ўзликни англаш руҳида тарбиялаш ҳамда мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг мазмун-моҳиятини чуқур англашда муҳим аҳамият касб этади.
А. Бўриев, ЎзА мухбири