Жадид боболаримиз фаолияти бизга ибратдир!
Президентимиз жорий йилнинг 22 декабрь куни Республика Маънавият ва маърифат кенгашининг кенгайтирилган йиғилишида халқимиз, айниқса, ёшлар ўртасидаги маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини янада ошириш, бунда тарғиботнинг ҳаётий, таъсирчан, самимий усулларини кенг қўллаш масаласига алоҳида тўхталди. Айни пайтда юртимиз зиёлилари Ватанимизда кечаётган янгиланиш жараёнларида бир эмас, бир неча қадам олдинда бўлмоқликлари зарурлигига жиддий эътибор қаратди.
Тошкент шаҳрининг Учтепа тумани Маданият марказида “Янги ҳаёт учун, Янги Ўзбекистон учун!” шиори остида ўтказилган “Маҳаллада дув-дув гап” маънавий-маърифий ва маданий-мусиқий тадбирида айни жиҳатларга аҳамият қаратилди.
Тадбир аввалида Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардия Ашула ва рақс ансамбли томонидан Ўзбекистон Республикаси Давлат мадҳияси куйланиб, “Ватан мадҳи” видеоролиги намойиш этилди.

Республика Маънавият ва маърифат маркази раҳбари, сенатор, Минҳожиддин Мирзо ҳамда Учтепа тумани ҳокими Фарҳод Абдуллаев маънавий-маърифий юксалиш борасидаги ислоҳотлар Янги Ўзбекистон стратегиясида жамиятнинг руҳини белгилаб берувчи энг муҳим йўл сифатида бежиз танланмаганини таъкидлади. Ташкил қилинаётган бундай танловлар ва тадбирларнинг асосий мақсади ҳам танланган йўлимизда барча юртдошларимизни бирлаштириш, ҳамжиҳатликка чақиришдир.
Мамлакатимизда барча жабҳаларда кечаётган янгиланиш жараёнларида маърифий ислоҳотлар алоҳида ўрин эгаллайди. Маданият ва санъат, адабиёт, таълим-тарбияда рўй бераётган улкан ижобий ўзгаришлар мустақил фикрли, соғлом дунёқарашга эга бўлган, ўз тақдирини Ватан тақдири билан уйғун кўрган авлодни камолга етказишдек эзгу мақсадларга йўналтирилган.
Тадбирда “Янги Учтепа тараққиёти” видеоролиги ҳам намойиш этилди. Унда Учтепа туманида маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини ошириш бўйича амалга оширилган ишлар ҳақида ҳикоя қилинади.

Тантана иштирокчиларини “Маърифат” тарғиботчилар жамияти аъзоси, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган ёшлар мураббийси, фалсафа фанлари доктори, профессор Жамила Шермуҳаммедова, “Маърифат” тарғиботчилар жамияти аъзоси, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими, шоира Зулфия Мўминова ҳамда Учтепа тумани бош имом хатиби Довудхон Убайдуллаев мамлакатимизда бошланган ислоҳотлар ортга қайтмас тус олгани, олдимизга қўйган олий мақсадларга эришишда барчанинг ҳамжиҳатлиги муҳим аҳамият касб этишини алоҳида қайд этди. Бу борада айниқса, жадид боболаримизнинг фаолияти, улар ўз умрини бахшида этган олижаноб ғоялар барчамиз учун ибратдир.
Ўзбек Миллий академик драма театри актёри, Ўзбекистон халқ артисти Теша Мўминов ижросида “Соҳибқирон Амир Темур” спектаклидан парча намойиш этилди. Тадбирда маънавий-маърифий соҳа бўйича викторина ташкил этилиб, у қизғин савол-жавоблар остида ўтди.
Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Дилфуза Раҳимова, Қуролли Кучлар Марказий ашула ва рақс ансамбли хонандалари, “Ҳумо” болалар ашула ва рақс ансамбли ҳамда “Дурдона” фольклор жамоаси томонидан ижро этилган куй ва қўшиқлар тадбирга ўзгача шукуҳ бағишлади.

* * *
Пойтахтимизнинг Бектемир тумани Абай маҳалласидаги “Бектемир” мажмуасида бўлиб-ўтган “Янги ҳаёт учун, Янги Ўзбекистон учун!” номли маърифий тадбир ҳам шундай қизғин руҳда ўтди.
Республика Маънавият ва маърифат маркази раҳбари Минҳожиддин Ҳожиматов Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан ёш авлод тарбияси, билим олиши, маънавияти юксалиши масаласига доимий устувор аҳамият қаратиб келинаётгани, бу йўлда зарур барча имкониятлар ишга солинаётганини алоҳида таъкидлади. Китобхонликни тарғиб этиш, миллий адабиётимизни ривожлантириш борасидаги эзгу саъй-ҳаракатлар ёшларнинг ўқишга бўлган иштиёқини тобора орттирмоқда.

* * *
Тошкент шаҳрининг Шайхонтоҳур туманида бўлиб ўтган ана шундай маънавий-маърифий тадбирда юртимиздаги барча эзгу саъй-ҳаракатлар замирида инсон, унинг қадр-қиммати, манфаатлари устувор экани алоҳида таъкидланди.
Тадбирда мамлакатимиз тинчлиги ва осойишталиги, фарзандларимизнинг онгу-шуурини асраб-авайлашда барча – ижодкор зиёлилар, педагоглар, маънавият тарғиботчилари, маҳалла, хотин-қизлар фаоллари бир тану бир жон бўлиб, астойдил ҳаракат қилиши зарурлиги таъкидланди.
Республика Маънавият ва маърифат маркази томонидан ташкил этилган бундай тадбирлар мамлакатимиз бўйлаб давом этмоқда.

Назокат Усмонова, ЎзА мухбири