Изланиш ва интилиш самараси
Мамлакатимизда кичик бизнес вакилларини қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантириш, уларнинг илғор тажрибаларини оммалаштириш доимий эътиборда. Бунинг самарасида ўтган йили 20 мингдан зиёд янги кичик бизнес субъекти ташкил этилиб, уларнинг умумий сони 195 мингдан ошди.
Мамлакатимизда кичик бизнес вакилларини қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантириш, уларнинг илғор тажрибаларини оммалаштириш доимий эътиборда. Бунинг самарасида ўтган йили 20 мингдан зиёд янги кичик бизнес субъекти ташкил этилиб, уларнинг умумий сони 195 мингдан ошди.Ялпи ички маҳсулотни шакллантиришда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик соҳасининг улуши 2000 йилдан буён 31 фоиздан 56 фоизга, саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш 12,9 фоиздан 31,1 фоизга ўсди. Бугунги кунда иқтисодиётнинг ушбу соҳасида иш билан банд бўлган аҳолининг 76,5 фоиздан зиёди меҳнат қилмоқда.
Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан ҳар йили анъанавий тарзда ўтказиб келинаётган “Ташаббус” кўрик-танлови кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш, қишлоқ хўжалиги соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотларни янги босқичга кўтариш, миллий ҳунармандлик мактабларини асраб-авайлаш ва ривожлантиришга хизмат қилмоқда.
Шу кунларда Ўзбекистон Республикаси Президенти соврини учун “Ташаббус – 2015” кўрик-танловининг туман ва шаҳар босқичлари бўлиб ўтмоқда. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2015 йил 18 мартдаги фармойиши мазкур кўрик-танловни юқори савияда, уюшқоқлик билан ташкил этишда дастуриламал бўлмоқда.
Маълумотларга кўра, бугунги кунда пойтахтимизда 50 мингга яқин кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъекти фаолият кўрсатмоқда.
“Ташаббус – 2015” кўрик-танловига Яшнобод туманида ҳам қизғин ҳозирлик кўрилди. Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси Яшнобод тумани ахборот-маслаҳат маркази раҳбари Мурод Абдуллаевнинг таъкидлашича, туманда хусусий корхоналар ишлаб чиқараётган саноат маҳсулотлари ҳажми, тури ва сифати ортиб бормоқда. Бу танлов доирасида ташкил этилган саноат, озиқ-овқат, миллий ҳунармандлик маҳсулотлари, технологик ускуналар кўргазмаларида яққол намоён бўлди. Йигирмадан зиёд корхона ва ҳунарманд тақдим этган маҳсулотлар ҳудудда кичик бизнеснинг имкониятлари янада кенгайиб бораётганини кўрсатади.
– Ижодий ишларимиз юртимиз ва хориждаги нуфузли кўргазмаларда мунтазам намойиш этилиб, қатор халқаро мукофотларга сазовор бўлмоқда, – дейди ҳунарманд Яна Тўлахўжаева. – Буларнинг барчаси миллий ҳунармандликни ривожлантириш борасида яратилган қулай шарт-шароит, юксак эътибор ва ғамхўрлик самарасидир.
Кўрик-танлов якунига кўра, оёқ кийимлар ишлаб чиқарувчи “Сцоотер шоес” масъулияти чекланган жамияти раҳбари Рашид Расулов “Энг яхши тадбиркор”, ёдгорлик ва совғабоп буюмлар ишлаб чиқариш билан шуғулланаётган наққош Жасур Баҳодиров “Энг яхши ҳунарманд” номинацияларида ғолиб деб топилиб, танловнинг шаҳар босқичига йўлланма олди.