Ижтимоий ходимлар эл хизматида (+видео)
Инсон қадри улуғланаётган мамлакатимизда Ижтимоий ҳимоя миллий агентлигининг “Инсон” ижтимоий хизматлар марказлари ташкил этилиб, аҳолининг тўлиқ ижтимоий ҳуқуқлари таъминланмоқда.
Сурхондарё вилоятининг Олтинсой тумани “Инсон” ижтимоий хизматлар марказида амалга оширилаётган ишлар ҳам бунга яққол далилдир. Ином Зиёев тумандаги Қорлиқ ва Ипоқ маҳаллаларида ижтимоий ходим бўлиб ишлайди. У хонадонма-хонадон юриб, одамларнинг дарду ташвишини тинглайди. Лозим бўлганларига ижтимоий кўмак беради.
– Мен 2011 йилда касб-ҳунар коллежини тугатганман. 14 йилдан буён ишсиз эдим, – дейди Ипоқ маҳалласида яшовчи ногиронлиги бор Абдурашид Ўролов. – Уйимизга ижтимоий ходимлар келиб, вазиятни ўрганди. Менга туман солиқ идорасида иш борлигини айтди. Ҳужжатларимни АРГОС орқали топшириб берди. Суҳбатдан ўтдим. Бугунги кунда солиқ инспекциясида ишлаяпман. Ишим ўзимга ёқади. Оилалиман. Ишсизлигимда қийналар эдим. Ҳозир уйимга даромад олиб келяпман.
Ином Зиёев соҳада иш бошлагач, аҳоли билан тезда киришиб кетди. Унинг бу фазилати уларни қийнаётган муаммоларга ечим топишга ёрдам бераётир. У жамиятда одамлар турли сабаблар билан дарҳол дардини сизга тўкиб солмаслигини ҳам илғаб олди. Лекин, қайта-қайта бориб, ўз яқинидек бўлиб қолсангиз, барибир кўнглидагини тўкиб солар экан, дейди ижтимоий ходим.
– Мен Ипоқ ва Қорлиқ маҳалласида ижтимоий ходимман, – дейди Ином Зиёев. – Ипоқ маҳалласида хонадонларнинг муаммоларини ўрганиб юрганимда Ўралов Абдурашиднинг хонадонига ҳам келдим. Оиласи жуда оғир аҳволга тушиб қолган. Мен унга “Кейс” менежменти орқали дастлабки баҳолашни ўтказдим. Ишсизлиги аниқланди. Суҳбат чоғида ишлаш истагини билдирди. Олтинсой тумани солиқ инспекциясида иш борлигини таклиф қилдим. Ҳужжатларида Абдурашид Ўраловнинг ишсизлиги аниқланди. Ҳужжатларини “vacancy.argos.uz” платформасига киритдик. Ҳозирги кунда солиқ инспекциясида ишлаётир. Ижтимоийлашуви таъминланди.
<iframe width="640" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/oq8KIO6Yom8" title="Ijtimoiy xodimlar el xizmatida" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Айни пайтда ижтимоий ходим икки маҳалла аҳолисининг энг яқин кўмакчисига айланди. Масалан, ҳудудда яшайдиган 23 ёшдаги ногиронлиги бор аёлнинг бандлигини таъминлаш учун маҳалла хотин-қизлар фаоли билан вазиятини ўрганди. Икки фарзанднинг ёлғиз боқувчисига субсидия асосида тикув машинаси олиб берди. Оиланинг даромад манбаи яратилди. Ҳудудда яшайдиган уч нафар ногирон фарзанди бор оиланинг оёққа туриб олишига ҳам ижтимоий ходим сабабчи бўлди. Бошқа бир мисол: имконияти чекланган Фирдавс Холмаматов болалигидан санъатга меҳр қўйган. Истеъдодли ўқувчи бу йил ўрта мактабни тугатди. Мусиқа билим юртига ҳужжатларини топширди. Ином Зиёев унга ҳам имкон даражасида кўмаклашиб, маънавий қувват улашаётир.
Буларнинг барчаси юртимизда инсон манфаатларини таъминлашга қаратилган ислоҳотларнинг амалдаги ёрқин ифодасидир.
Холмўмин Маматрайимов, ЎзА мухбири