Ижтимоий ходимлар аҳолига мададкор бўлмоқда
Бухоро вилоятининг Пешку ва Қоракўл туманларида “Инсон” ижтимоий хизматлар марказлари ташкил этилган бўлиб, ижтимоий ходимлар фаолияти ҳам йўлга қўйилган.
Ҳозир ижтимоий ходимлар бириктирилган участкаларида истиқомат қилувчи ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳоли қатлами билан учрашиб, уларнинг мурожаат ва муаммоларига ижобий ечим топиш мақсадида иш олиб бормоқда.
Қоракўл туманида ишлаб келаётган ижтимоий ходимлардан бири Муроджон Файзуллаев яқинда тумандаги Дарғабоғи маҳалласида яшовчи Одилжон Сафаров томонидан келиб тушган мурожаатни ўрганиб, ижобий ҳал этди.
– Одил ака 1967 йилда туғилган бўлиб, 1985-1986 йилларда ҳарбий хизматда вақтида жароҳатланган, – дейди ижтимоий ходим Муроджон Файзуллаев. – Шу вақтдан бошлаб пластик технология асосида тайёрланган сон протези воситасидан фойдаланиб келган. Одил ака 5 фарзанднинг отаси, ҳозир пахта тозалаш заводида ишлаб келаётган бўлиб, пойабзали яроқсиз ҳолатга келганлиги сабабли, ишга чиқолмасдан ўз ҳисобидан меҳнат таътилига чиққан эди.
[gallery-15955]
Одил ака ижтимоий ходимга протез учун махсус жуфт пойабзал сўраб мурожаат қилган. Қисқа муддат ичида унинг мурожаати Муроджон томонидан ўрганилди. Вилоят Ортопедик воситаларни ишлаб чиқариш ва таъмирлаш корхонаси билан ҳамкорликда унинг мурожаати ижобий ҳал қилинди. Айни дамда Одил аканинг меҳнат қобилияти қайта тикланди.
– Сўнгги йилларда аҳолининг ижтимоий ҳимоясини кучайтириш, давлат томонидан фуқароларга ижтимоий хизмат кўрсатиш кўлами ва турларини кенгайтириш бўйича тизимли ишлар амалга оширилмоқда, – дейди Қоракўл тумани “Инсон” ижтимоий хизматлар маркази раҳбари Саломат Комилова. – Жумладан, ижтимоий дастурларни молиялаштириш харажатлари ЯИМга нисбатан 2 бараварга ошиб, кам таъминланган нафақа олувчи оилалар қамрови 5 баробарга кўпайди. Ногиронлиги бўлган шахслар ва ногиронлиги бўлган болаларнинг парвариши билан банд бўлганлар учун янги нафақа турлари жорий этилди. Қоракўл туманида 50 та маҳалла фуқаролар йиғини мавжуд бўлиб, жами аҳоли сони 170 438 нафар, хонадонлар сони 33 259 та, оилалар сони 46 272 тани ташкил қилади. Бугунги кунда 50 та маҳалла фуқаролар йиғини 13 та ҳудуд, 26 та участкага бўлиниб, барча маҳалла фуқаролар йиғинида ижтимоий ходимлар ўз фаолиятини бошлади. Ҳар бир ходим ўзига бириктирилган маҳаллаларда ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳолини тоифаларга бўлган ҳолда хатлов жараёнини олиб борди. Натижада туман бўйича жами 14 310 нафар ижтимоий ҳимояга муҳтож фуқаро аниқланди.
Зариф Комилов, Тоҳиржон Истатов (сурат), ЎзА мухбирлари