Ижтимоий хизматлар сифатини оширишда муҳим қадам
Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги Навоий вилояти бошқармасида ижтимоий ходимлар учун “Оилага кириш” мавзусида амалий семинар-тренинг ташкил этилди.
Мамлакатимизда аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш тизимини такомиллаштириш, эҳтиёжманд оилаларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ҳамда ижтимоий хизматларни манзилли ва самарали ташкил этиш бўйича кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Ушбу ислоҳотлар доирасида ижтимоий ходимларнинг касбий салоҳиятини оширишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Семинар давомида иштирокчиларга оилаларга ташриф буюриш тартиби, эҳтиёжманд фуқаролар билан самарали мулоқот ўрнатиш, муаммоларни аниқлаш ва баҳолаш усуллари, шунингдек, ижтимоий хизматлар кўрсатишда холислик, очиқлик ва шаффофлик тамойилларига риоя этиш бўйича амалий тавсиялар берилди.

– Бугунги кунда мамлакатимизда ижтимоий хизматларни маҳаллабай ва оилабай ташкил этиш амалиёти кенг жорий этилмоқда, – дейди агентликнинг вилоят бошқармаси мутахассиси Гулноза Тоғаева. – Бу эса ижтимоий ходимлардан ҳар бир оиланинг эҳтиёжини чуқур ўрганиш, муаммоларни ўз вақтида аниқлаш ва тегишли ёрдам чораларини белгилашни талаб этади. “Оилага кириш” мавзусидаги мазкур тренинг ана шу вазифаларни самарали бажаришга хизмат қилади.
Тадбир давомида иштирокчиларнинг фаоллигини ошириш мақсадида интерактив машғулотлар ҳам ўтказилди. Хусусан, “Қадриятни топинг” ва “Ким муаммоли вазиятда?” каби амалий ўйинлар орқали ижтимоий ходимлар турли ҳаётий ҳолатларни таҳлил қилиш, қарор қабул қилиш ва жамоада ишлаш кўникмаларини янада ривожлантирди.

Албатта, аҳолига сифатли ва манзилли ижтимоий хизмат кўрсатиш, аввало, соҳада фаолият юритаётган мутахассисларнинг билим ва малакасига боғлиқ. Бундай ўқув-семинарлари эса ижтимоий ҳимоя соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотларнинг ҳаётга самарали татбиқ этилишида муҳим аҳамият касб этади.
А.Бўриев, ЎзА мухбири