Ижтимоий хизматлар ривожланиш босқичида
Ўзбекистон Республикаси Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги ЮНИСЕФнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси билан ҳамкорликда ижтимоий хизматлар кўрсатиш, жумладан, аҳоли муаммоларини аниқлаш ва бартараф этиш, ижтимоий заиф қатлам вакилларини хар томонлама қўллаб-қувватлаш ва уларнинг ҳуқуқларини таъминлаш бўйича янги “Pilot” лойиҳасини йўлга қўймоқда. Бугун мазкур лойиҳанинг тақдимот маросими бўлиб ўтди.
Тадбир ЮНИСЕФнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси, БМТнинг мамлакатимиздаги агентликлари, ЕИнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси, Сенат вакиллари, Ўзбекистон Республикаси Молия, Иқтисодиёт ҳамда Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирликлари иштирокида ўтказилди.
“Pilot” лойиҳасининг асосий мақсади ҳар бир маҳаллада, давлатимиз раҳбари томонидан илгари сурилган “маҳаллабай” тизими билан уйғунлашган ҳолда, ижтимоий хизматларни жорий этишдир.
Лойиҳа дастлаб оиланинг ажралиши, камбағаллик, зўравонликнинг олдини олиш учун ҳамжамиятларга асосланган ижтимоий хизматларни режалаштириш, амалга ошириш ва мониторинг қилиш бўйича халқаро тажрибаларни қўллаган ҳолда, Тошкент шаҳрининг Олмазор туманида ва Тошкент вилоятининг Ангрен шаҳрида синовдан ўтказилади.

Тадбирда синов лойиҳасининг натижалари ижтимоий ҳимоя соҳасини ислоҳ қилиш дастурининг асоси бўлиб, хусусан, ҳимояни комплекс таъминлаш учун институционал базани ишлаб чиқиш масалалари муҳокама қилинди.
– Ушбу лойиҳа ижтимоий ҳимоя тизими, инсон ҳуқуқларига асосланган ва инклюзив ёндашув асосида ишлайдиган юқори малакали ходимлар кўмаги билан Ўзбекистондаги заиф қатлам вакиллари ва оилалар ҳаётида ижобий ўзгаришга сабаб бўлади. Лойиҳа доирасида ижтимоий ходимлар кўплаб вазирлик ва идоралар томонидан кўрсатиладиган хизматларни мувофиқлаштириб боради, – деди ЮНИСЕФнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбарининг ўринбосари Жоффри Ижумба.
Таъкидлаш керак, синов лойиҳа доирасида эҳтиёжларга асосланган ва индивидуал хизматлардан фойдаланиш аҳолининг кам таъминланган, ёрдамга муҳтож қатламлари, ногиронлиги бўлган инсонлар, болали оилалар сингари қатламларни қамраб олади. Мазкур лойиҳа Ўзбекистонда ижтимоий ҳимояни такомиллаштириш бўйича БМТнинг Қўшма дастури доирасида амалга оширилмоқда.
– Лойиҳанинг муҳим жиҳатларидан яна бири аҳоли муаммолари ечимига масъул вазирлик ва идораларни жалб қилиш, ҳар бир муаммони ўз эгасига йўналтиришдир. Ишни бу тарзда олиб бориш маҳаллаларда фуқаролар муаммолари тезкорлик билан манзилли бартараф этилишига, аҳолининг ижтимоий ҳимоя тизими самарадорлигини оширишга олиб келади, – деди Ўзбекистон Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирининг биринчи ўринбосари Гулнора Маруфова.
Беҳруз ХУДОЙБЕРДИЕВ, ЎзА