Ижтимоий-сиёсий муаммолар талқини
Миллийлик ва миллиятга хос хусусиятларни лирик сатҳда акс эттириш учун фалсафий, ижтимоий, бадиий тафаккур асосларига қайтиш, уларга ижодий мурожаат жараёни қатъийлаша борди.
ХХ асрнинг 80-йилларига келиб, ўзбек шеърияти табиатида кескин ўзгаришлар кўзга ташлана бошлади. Бундай бадиий-концептуал ўзгаришнинг асосий белгиси– бу давр авлоди томонидан миллий ўзликни англаш, ботинан ҳис этиш, собиқ совет тузуми қутқуларига қарамасдан бадиий акс эттиришга уринишларда кўринди. Миллийлик ва миллиятга хос хусусиятларни лирик сатҳда акс эттириш учун фалсафий, ижтимоий, бадиий тафаккур асосларига қайтиш, уларга ижодий мурожаат жараёни қатъийлаша борди. А.Орипов, Э.Воҳидов шеъриятидан бошланган бу жараён О.Матжон, Р.Парфи, Ш.Раҳмонлар ижодида юқори нуқтага кўтарилди.
Ўша даврда етишиб келаётган дадил ижодкорлар қаторида Аъзам Ўктам шеъриятида ҳам бу жараённинг сезиларли даражада кузатилиши шоир шеъриятининг миллий руҳ билан суғорилганлигидан далолатдир. Адабиётшунос Б.Каримов ўринли қайд этганидек, “Аъзам Ўктам шеърларида мантиқ кучли, шиддат ва ўктамлик, лирик қаҳрамон руҳиятида улкан бир дард ва алам бор”. Аъзам Ўктам ўзини миллат тақдири олдида жавобгар қалам аҳлларидан бири деб билди.
Ижтимоий-сиёсий муаммолар шоир лирикасининг этик омилларидан бири сифатида яққол кўзга ташланади. Шоир ижодида бундай шеърлар талайгина. Буни унинг биргина “пахта яккаҳокимлиги” даври фожеалари ва оғриқлари акс эттирилган шеърлари мисолида олиб қарайдиган бўлсак, уларда сиёсатлаштирилган ижтимоий муҳитнинг қанчадан-қанча тақдирлар фожеасига сабабчи бўлганлигига гувоҳ бўламиз. Шоир бу мавзуга атрофлича тўхталиб, қатор шеърларида ўша давр фожеасини ишонарли чизгиларда очиб беришга ҳаракат қилган.
“Азага-ку сўз йўқ, тўй қилса...” (“Кузда кулган чечаклар”. 15-бет. Ғ.Ғулом нашриёти, 1990 йил) мисралари билан бошланувчи шеърда пахтани кўрганда рўзғор ташвишларини унутиб қўядиган, йиғим-терим пайтида тўй, ўйин-кулгу қилишдан ҳижолат тортадиган, ўз бахтини ғўзаларнинг қийғос очилишида кўрадиган соддадил деҳқонлар образини учратамиз:
Азага-ку сўз йўқ, тўй қилса –
Пахта ғамин ейди ўзбеклар.
“Мени термай ўйнашяпти деб
оғринмасин”, дейди ўзбеклар.
Бутун қишлоқ аҳлининг пахтага хайрихоҳлигини “...Хуш кўрмайди қишлоқлар унча, Пахта термайдиган келинни...” мисраларида ойдинлаштирган шоир “Хуш кўрмайди қишлоқлар унча” метономик маъно кўчиши орқали қишлоқ одамларининг якдиллигини кўрсатади. Ўзбек халқи ёппасига пахтакорга айлантирилиб, қишнинг қаҳратонли кунларига қадар ғўзаларнинг қорини қоқиб пахта терилди, бу жараёнда, айниқса, аёллар, навниҳол хотин-қизларнинг меҳнатидан тоғ-тоғ хирмон уюлди. Айнан шу даврда Турсуной Охунова каби “давр қаҳрамонлари” яратилди.
“Қишлоққа хат” шеърига диққатни қаратайлик:
“Сариқ билан оғриди Ойбек,
Сўнгра юқиб қолди Бобурга”.
“Абдулланинг мазаси йўқдек,
Нодирадан ўтди Носирга...”
Юқорида келтирилган мисралар аввалида қўлланган “сариқ” сўзи инсон ҳаётига хавф солувчи заҳарли дориларни пахта тераётган теримчилар устидан ёмғирдек ёғдирган “қотил” йилларни ўқувчи кўз ўнгида гавдалантиради. Шоир шеърда буюк шахслар номи(талмеҳ санъати)га мурожаат қилиш баробарида эгатларда заҳарланаётган миллатнинг дарди Ойбек, Бобур, Қодирийлар, Усмон Носирлару Нодираи давронлар дардидан кам эмаслигига ишора қиларкан, ўз халқи келажагини ўйлаб, фикр эркинлиги фалажланган шундай бир даврда туриб ҳам “Далаларга йўлатманг зинҳор – Болани ҳам, дориларни ҳам” дея ҳеч бўлмаганда, исмлари ҳаққи уларни касалликдан асранглар, дея дангал айта олиши унинг миллат тақдирига куйинчаклигидан далолатдир. Шеърнинг бирор бир мисрасида пахта сўзи ишлатилмаган, бироқ ҳушёр ўқувчи шеърда шоирнинг ёзғириши оқ пахтанинг “қора” қилмишидан эканлигини осонгина англайди.
Шоирнинг “Муҳаббат” деб номланувчи шеъри бир ўқиганда киши қалбига завқ бериб, ширин энтиктиради. Пахтазор тасвири гўзал ифода этилган бу шеърнинг тагмаъносига эътибор қаратган синчи ўқувчи шеър мазмунидан чол-кампирнинг умри пахта деб ўтганлигини осонгина англайди. Жумладан, чолнинг: “Пахталарни суюб қучганинг маҳал, Пахта бўлмаганим қилди кўп алам” дея ёшлиги далаларга соврилган кўнгилнинг кексаликни хуш қаршилашини шундай тасвирлайди:
Яхшиям қаридик,
Иш кўплигидан
Аввал айтолмаган сўзларим эшит:
Мен сени ҳаммадан яхши кўраман,
Сен э-энди қиз бўлдинг,
Мен э-энди йигит!
35 банддан иборат “Якшанба” деб аталувчи воқеабанд шеърнинг номланиши биз фикр юритаётган мавзудан анча узоқ. Якшанбани дам олиш куни сифатида қабул қилмоқчи бўлсак, таассуфки, шеърда киши руҳига ҳордиқ улашгувчи бирор жиҳатни учратмаймиз. Шеър 1987 йилда ёзилган. Унда даврнинг ижтимоий-сиёсий муаммолари тўлиғича, изчиллик билан тасвир этилади. Давр асоратларидан қийналаётган миллатнинг дарду оғриқлари мисралар қатига сингдирилган ушбу шеърнинг дастлабки бандида очарчилик, емиши кам, бемори бисёр, жувонлари пардоз нелигини билмаган, алп йигитларнинг боши эгик – халқ қиёфаси чизилган картиналар ичидан эскирган боғчаларда “биз бахтиёр!” дея қўшиқ куйлаётган ювошгина болаларнинг чиқиб келиши ўқувчи руҳиятига келажакка ишонч ва умид эмас, аксинча, умидсизлик ва тушкунлик руҳини юқтиради. Шеърда қуруқ шиорларга ўрганган жамиятнинг жирканч қиёфаси банддан-бандга ўтгани сари очила боради.
Болаларнинг камроқ туғилгани соз мисраси, яъни муаллиф “нияти” нафақат шароитсизлик, юпунлик важидан, балки пахтазорнинг “жой бермас”, “қизғанчиқ” эканлигидандир. Қанчадан-қанча ерларнинг, боғлар ва ҳаттоки қабристонларнинг ҳам қисқариб, пахтазорга айлантирилганлиги ҳамда бу билан миллатнинг ҳақ-ҳуқуқи поймол бўлаётганлиги, пахта яккаҳокимлигининг ўша даврнинг аччиқ сиёсати сифатида халқимиз бошига не-не мусибатларни солганлигидандир. Бу аянчли тасвирларни ўз кўзи билан кўрган ва “Уста деҳқонларнинг кўпи қамоқда” дея изоҳлаган шоир шеърнинг 8-бандида ёзнинг жазирамасию қишнинг қаҳратонида ҳам тинимсиз меҳнат қилиб миллионлаб тонна пахта етиштирган донгдор пахтакорларнинг алал-оқибат “ўзбеклар иши” каби балолар ўқига нишон бўлганини – бир умр қора меҳнат қилиб, бунинг эвазига пешонасига “пахта иши” тамғаси босилган пахтакор деҳқонларнинг умумлашма образини ҳалол, меҳнаткаш, қишлоқдошларига елкадош бўла олган танти деҳқон Эркин ака мисолида олиб киради. Қама-қамалар авжига чиққан дамларда Эркин ака каби кўплаб айбсиз айбдорларнинг оиласи озор чекди, оталарнинг боши эгилиб, фарзандларнинг бўйни қисилди.
Кўзларда ғазабми, уятми, ҳадик,
Жим юрар отаси бадном болалар...
Шеърнинг “Якшанба” деб номланиши лирик қаҳрамоннинг қамоқда фақат якшанба куни тушдан сўнггина меҳнатдан озод бўлиши билан боғлиқ. Йил – ўн икки ой ишлаб ўрганган одамга шуям эриш туюлади:
“Зерикдим,
Умримда якшанба куни
Ишламаган одам эмасман, ахир”.
Лирик қаҳрамонни фақат ноҳақ қамалгани эмас, балки фарзандларининг тақдири ҳам қийнайди. Ўғли синфбошиликка сайланганида бир қизчанинг “Наҳот бу мумкин –
Ахир, қамоқда-ку унинг отаси?!” деганини эшитиб исмсиз дардлардан эзилган ота даврнинг жирканчлигини англаб етади ва:
Энди меҳнатсевар бўлгин демасман,
Ўзингни аяма демасман энди.
Алдасам,
Адашсам одам эмасман, –
Ишчанликдан бошга шу кунлар келди,
деб ўз-ўзига ваъда беради.
Заҳматли меҳнатининг аччиқ мукофоти унинг қалбини жунбушга солади:
Хирмон кўп чўнг бўлди,
Оёқ-қўл толди.
Балки айтишар деб кутибман раҳмат.
Мени излаб келди
Адашмай топди–
Қамоққа олишга берилган рухсат.
Шеърнинг 23-29 бандларида лирик қаҳрамоннинг шаҳар ва қишлоқни бир-бирига қаршилантириш асосида улар ўртасидаги тафовутларни келтириши, қишлоқ одамларининг содда ва гўллигидан хавотирланиб, шаҳарда миллий қадриятларнинг йўқолиб бораётгани ҳақида қайғуриши, гарчи ўқимаган, оддий инсон бўлса-да, қамоқда туриб ҳам ўз миллати тақдирини ўйлаши унинг виждони уйғоқ эканлигидан далолатдир.
Нилуфар Умарова,
Қарши давлат университети ўқитувчиси.