Ижтимоий муҳофаза касаба уюшма эътиборида
Мамлакатимизда касаба уюшмалари томонидан фуқароларнинг ижтимоий-иқтисодий манфаатларини муҳофаза қилиш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Жумладан, Ўзбекистон Касаба уюшмалари федерацияси Андижон вилояти кенгаши томонидан 2022-2026 йилларга мўлжалланган “Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегиясининг “Инсон қадрини улуғлаш ва фаол маҳалла йили”да амалга оширилишига оид давлат дастури” ижросини таъминлаш борасида муайян ишлар амалга оширилмоқда.
– Айни кунда бирлашма тизимидаги 2 минг 400 дан зиёд бошланғич ташкилотларга 350 минг нафардан зиёд касаба уюшма аъзолари бирлашган, – дейди Андижон вилояти касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси бўлим бошлиғи Ҳамидулла Матисаев. – Жорий йилнинг ўтган даврида йил дастурида белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш, меҳнаткашлар манфаатларини ҳимоя қилиш, ижтимоий шерикликни ривожлантириш, аҳоли бандлигини таъминлаш, меҳнатни муҳофаза қилиш, ходимлар ва уларнинг оила аъзоларини соғломлаштиришга қаратилган муайян ишлар олиб борилди.
Вилоятдаги меҳнат жамоалари билан ҳамкорликда йил дастурида белгиланган вазифалар ижросини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилди. Жумладан, вилоятдаги 1 минг 702 та меҳнат жамоасида “Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегияси”нинг мазмун-моҳиятини тушунтириш бўйича тарғибот тадбирлари ўтказилди. Бундан ташқари, “Жаҳолатга қарши маърифат” ғояси асосида аҳоли, айниқса, ёшларнинг маънавий-мафкуравий иммунитетини юксалтириш, юртимиздаги тинчлик-хотиржамлик, миллатлараро дўстликни мустаҳкамлашга хизмат қилувчи кўплаб учрашувлар, давра суҳбатлари ташкил этилди.
Касаба уюшмалари тизимида туризмни ривожлантиришга қаратилган “Ўзбекистон бўйлаб саёҳат қил” дастури доирасида жамоа шартномалари ва тармоқ келишувлари орқали 15 минг нафар фуқаро вилоятдаги диққатга сазовор жойлар, музей ва зиёратгоҳларга, шунингдек, республикамизнинг тарихий шаҳарларига саёҳатга юборилди. Шундан эҳтиёжманд, кам таъминланган оила фарзандлари, меҳрибонлик уйлари тарбияланувчилари бўлган 217 нафари саёҳатга бепул юборилди.
Вилоят бўйича 229 нафар халқ таълими ходими касаба уюшма тизимидаги сиҳатгоҳларда бепул соғломлаштирилди. Эҳтиёжманд ва кам таъминланган оилаларнинг 680 нафар фарзанди учун театр, музей ва истироҳат боғларига бепул саёҳатлар ташкил этилди. Бундан ташқари, 256 нафар фуқарога пенсияга чиқишдан олдин, 253 нафар фуқарога юбилей санаси муносабати билан, 958 нафар ишламайдиган пенсионерга, 152 нафар ногирон ва ўзгалар кўмагига муҳтож кишига моддий ёрдам кўрсатилди, совға-саломлар берилди.
Турли корхона ва ташкилотларда меҳнат қилаётган, яшаш шароити оғир 192 нафар ёш болали аёлга ойлик маоши сақланган ҳолда ҳафтасига 35 соатдан ошмайдиган иш вақти белгиланишига кўмаклашилди.
Турли байрамлар муносабати билан Избоскан туманидаги “Аёллар мурувват уйи”, Андижон шаҳридаги “Саховат” кексалар уйи, Андижон туманидаги ногиронлар мурувват уйида яшовчилар ҳолидан хабар олиниб, уларга гигиеник воситалар, турли совға-саломлар топширилди. Ватан ҳимоячилари, Хотира ва қадрлаш кунлари муносабати билан ҳарбий қисмларда хизмат қилаётган 44 нафар ҳарбий ва уларнинг оила аъзоларига, шунингдек, турли ҳарбий ҳаракатларда вафот этган 12 нафар ҳарбийнинг оила аъзоларига совға-саломлар берилди. Аҳоли ўртасида спорт ва соғломлаштириш тадбирлари ўтказилишига алоҳида эътибор қаратилди. Бутунжаҳон саломатлик куни муносабати билан туман ва шаҳарларда ўтказилган юриш марафонларида 791 та корхона ва ташкилотда ишлаётган 68 минг нафарга яқин фуқаро иштирок этди. Мусобақа ғолиблари муносиб рағбатлантирилди.
Бирлашма тизимидаги корхона ва ташкилотларда ишлаётган кам таъминланган ва боқувчисини йўқотган оилаларнинг 2 минг 248 нафар фарзандига ўқув қуроллари олиб берилди. Олий ўқув юртларида таҳсил олаётган 47 нафар эҳтиёжманд оила фарзанди ҳамда чин етимларнинг ўқиши учун контракт пуллари тўлаб берилди. Уй-жой қуриш ва турли воситалар харид қилиш учун 31 та ёш оилага фоизсиз кредитлар ажратилишига кўмаклашилди.
Бир сўз билан айтганда, Андижон вилояти Касаба уюшмаси ташкилотлари бирлашмаси томонидан аҳолининг ижтимоий муҳофазасига
қаратилган ҳамда йил дастурида белгиланган ишлар режа асосида олиб борилмоқда.
Ф. УБАЙДУЛЛАЕВ, ЎзА