Ижтимоий масалалар Омбудсман эътиборида
Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакилига (омбудсманга) Жиззах вилояти, Зарбдор тумани “Адиробод” ҚФЙда истиқомат қилувчи бир гуруҳ фуқаролар мурожаати келиб тушди. Унда мурожаатчилар томонидан маҳаллада аҳоли учун газ, ичимлик суви таъминотини йўлга қўйиш, поликлиника ва ижтимоий объектлар йўқлигидан норозилик билдирилган.
Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) Матбуот хизматининг маълум қилинишича, мазкур мурожаат Омбудсман назоратига олингач, Соғлиқни сақлаш вазирлиги орқали “Адиробод” ҚФЙда жойлашган собиқ ҚВП биноси оилавий шифокорлик пункти сифатида қайта реконструкция қилиниб, фойдаланишга топширилди. Ҳозирда ушбу муассасада ишловчи шифокор ва потранаж ҳамширалар аҳолига тиббий хизмат кўрсатиб келмоқда.
Ичимлик суви билан боғлиқ муаммо ўрганилганда эса ҳозирда “Адиробод” ҚФЙ аҳолисига марказлашган ичимлик суви график асосида берилиши, ушбу маҳалладаги янги қурилган хонадонлар ичимлик сувини ташиб истеъмол қилишлари маълум бўлди. Ушбу муаммони ҳал этиш мақсадида Жиззах вилоят Халқ депутатлари Кенгашининг тегишли қарорига асосан “Адиробод” ҚФЙга жами 1 миллиард 176 миллион сўм маблағ ажратилиши ҳисобига 2 км янги ичимлик суви тармоқларини қуриш бўйича 2022 йил дастурига таклифлар киритилди.
Қишлоқ фуқаролар йиғинидаги газ муаммоси ўрганилганда, бу жой табиий газ етказиб бериш қийин худудлар бўлгани сабабли, ушбу ҳудуд суюлтирилган газга мослаштирилгани ҳамда “Зарбдортумангаз” таъминоти бўлими томонидан аҳоли суюлтирилган газ билан таъминланиб келинаётгани аниқланди.
Муҳайё Тошқораева, ЎзА