Ижтимоий ҳимоя натижалари инсонлар ҳаётида ўз аксини топмоқда
Мамлакатимизда аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлаш, оғир ҳаётий вазиятга тушиб қолган оилаларга манзилли ёрдам кўрсатиш ҳамда уларнинг турмуш шароитини яхшилашга қаратилган ишлар изчил давом эттирилмоқда.
Қарши шаҳридаги Геолог маҳалласида фаолият юритаётган ижтимоий ходим Ўғилой Раззоқованинг таъкидлашича, кейинги икки йил давомида маҳаллада ижтимоий кўмакка муҳтож оилаларни қўллаб-қувватлаш мақсадида 80 дан ортиқ ҳолат бўйича индивидуал иш режалари ишлаб чиқилган. Уларнинг аксарияти бўйича муаммолар ижобий ҳал этилган.

Жумладан, маҳаллада яшовчи Марҳабо Сафарованинг оилавий шароити ўрганилиб, унга кам таъминланган оилалар учун белгиланган болалар нафақаси тайинланди. Ногиронлиги бўлган фарзанди эса реабилитация хизматларидан фойдаланиши учун ихтисослаштирилган марказга йўналтирилди.

Шунингдек, маҳалла аҳолиси вакилларидан бири Муҳаммад Муродов оиласига ҳам бир қатор ижтимоий хизматлар кўрсатилди. Хусусан, ногиронлиги бўлган фарзанди техник реабилитация воситаси билан таъминланди, оилага моддий ёрдам ажратилди ҳамда даволаниш билан боғлиқ харажатларни қоплашда кўмак берилди.

Мутахассисларнинг таъкидлашича, бундай манзилли ишлар ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳолининг турмуш сифатини яхшилаш, уларнинг жамият ҳаётида фаол иштирок этиши учун зарур шароит яратишга хизмат қилмоқда.

Қайд этилишича, ижтимоий ҳимоя тизими нафақат моддий кўмак кўрсатиш, балки инсонларнинг муаммоларини ҳал этиш, уларнинг ҳаётга бўлган ишончи ва фаоллигини мустаҳкамлашда ҳам муҳим аҳамият касб этмоқда.
Ўлмас Баротов, ЎзА мухбири