Ижтимоий ҳимоя – давлатимизнинг устувор вазифаси
Ижтимоий ҳимояни маҳалла даражасида ташкил этиш, ижтимоий хизмат ва ёрдамларни комплекс ёндашув асосида кўрсатиш, аҳолининг оғир ижтимоий аҳволга тушиб қолишининг олдини олиш, шунингдек, ижтимоий ҳимоянинг манзиллилиги ва самарадорлигини ошириш ҳамда аҳолининг кўмакка муҳтож қатлами ижтимоийлашувини таъминлаш олиб борилаётган давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан биридир.
Давлатимиз раҳбарининг 2024 йил 20 февралдаги селектор йиғилишида ҳам жорий йилда ижтимоий ҳимоя соҳасидаги устувор вазифалар муҳокамаси юзасидан аҳолининг кўмакка муҳтож қатлами билан доимий мулоқот олиб бориш, бу тизимни тубдан ислоҳ қилиш, ижтимоий ёрдамнинг манзиллилиги ва натижадорлигини таъминлаш йўналишида соҳани ривожлантириш бўйича галдаги аниқ вазифалар белгилаб берилди.
Ижтимоий ҳимояга муҳтож шахслар ва оилалар билан ишлаш бўйича янги тизим асосида Бухоро вилояти Пешкў тумани “Инсон” ижтимоий хизматлар маркази учун алоҳида бино ажратилган ҳамда тумандаги 37 та маҳалла фуқаролар йиғинида 20 нафар ижтимоий ходим лавозими жорий қилиниб, уларга хизмат хоналари ажратилган ҳамда маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан зарур жиҳозлар билан таъминланди. Ижтимоий ходимлар томонидан тумандаги 37 та маҳаллада истиқомат қилувчи 34 451 та оила тўлиқ хатловдан ўтказилди. Маҳаллаларнинг ижтимоий паспорти шакллантирилиб, келгусидаги режа ва устувор вазифалар белгилаб олинди.
Аниқ мисолларга эътибор қаратадиган бўлсак, Шаҳзод Насриддинов болалигидан 2 гуруҳ ногиронлиги бўлсада, ҳаётда, жамиятда ўз ўрнини топишга интилмоқда. У Бухоро давлат университети филология йўналишида таҳсил олган. Бугунги кунда эса туман “Инсон” ижтимоий хизматлар марказининг ижтимоий хизматларни ташкиллаштириш бўйича мутахассиси (оператор) лавозимида фаолият олиб бормоқда.
Ногиронлиги мавжуд шахсларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини рўёбга чиқаришда бошқа барча фуқаролар билан тенг имкониятларни таъминлаш, уларнинг турмуш фаолиятидаги чеклашларни бартараф этиш, тўлақонли ҳаёт кечиришига, жамиятнинг иқтисодий ва сиёсий турмушида фаол қатнашишига, шунингдек, ўзларининг фуқаролик бурчларини бажаришига имкон берадиган қулай шарт-шароит яратиш Марказ ҳодимларининг асосий мақсади хисобланади. 1996 йилда юз берган бахтсиз воқеа сабаб оёқларидан айрилган Мизроб Ашуров тақдирнинг синовига шунчаки енгилмай, ҳаракат қилишда, илм излаб, келажак авлодга билим беришда давом этди. Меҳнатлари натижасида 2021 йилда “Ўзбекистон Республикаси халқ таълими аълочиси” нишони билан мукофотланди. Туман “Инсон” ижтимоий хизматлари маркази томонидан Мизроб акага протез оёқ берилганидан сўнг ҳаракатланиши анча енгиллашди. Бу, албатта, унинг иш фаолиятига ҳам таъсир қилмай қолмади.

–2008 йилдан буён Пешку туманидаги 8- умумтаълим мактабида фаолият олиб бораяпман, –дейди ўқитувчи Мизроб Ашуров. –15 йиллик меҳнатим туфайли 2021 йилда “Ўзбекистон Республикаси халқ таълими аълочиси” нишони билан тақдирландим. “Инсон” ижтимоий хизматлар маркази томонидан берилаётган имкониятлардан кенг фойдаланаяпман. Бугун давлатимиз, Президентимиз ғамхўрлигини ҳис қилиб яшаяпман. Инсон ҳеч қачон бир жойда тўхтаб қолмаслиги, доимо изланишда, ҳаракатда бўлиши керак.
Уйда якка тартибда таълим олиш жисмоний ёки психик ривожланишида нуқсони бўлган, узоқ вақт даволанишга муҳтож ва тиббий кўрсатмаларга кўра доимий ёки вақтинча умумий ўрта таълим муассасаларига қатнай олмайдиган болалар учун ташкил этилади. “Мустақиллик” маҳалла фуқаролар йиғини Чиғирчи кўчасида истиқомат қилувчи Муниса Ботирова ҳам Тумандаги 9- ИДУМда уйда таълим шаклида 2-синфда таҳсил олади.
–Муниса қизимиз ўзи тиришқоқ, –дейди унинг ўқитувчиси Ойиша Ҳамдамова. – Ҳамма фанларни яхши ўзлаштириб бораяпти. Юқори натижаларга эришиб келмоқда. Дарсдан ташқари машғулотларда ҳам фаол қатнашиб келмоқда.
Шу ўринда алоҳида таъкидлаб ўтиш жоизки, бевосита “Инсон” ижтимоий хизматлар маркази томонидан 26 турдаги ҳамда ижтимоий ходимлар томонидан 23 турдаги жами 49 турдаги ижтимоий хизматлар ва ёрдамлар ижтимоий ҳимояга муҳтож шахсларга кўрсатиб келинмоқда. Касб-ҳунар, спортга йўналтирилган Моҳинур Чориева 9 нафар ногиронлиги мавжуд шахсларга гимнастика спорт тўгарагини ташкил этган. Ҳозир тўгарак қатнашувчилари туман ва вилоят миқёсидаги спорт мусобақаларида иштирок этиб, фахрли ўринларни эгаллаб келмоқда.
–Енгил атлетика бўйича мураббий фаолиятини олиб бораман, –дейди мураббий Моҳинур Чориева. –4 йилдан буён шуғулланиб келаяпман. Бунга асосий туртки ёшларнинг қизиқиши деб биламан. Шу соҳада ўқидим. Малака ошириб келдим. Шогирдлар тайёрлашни йўлга қўйдим.
Мамлакатимизда инсон қадри улуғ. Айниқса, нуроний кексаларимиз доим иззатда ва ҳурматдадир. Худди шундай нуронийлардан бири Истат ая Ҳамроева 1960 йилда таваллуд топган бўлиб, ҳозир Пешку тумани Қалъа маҳалласида истиқомат қилади. Истат ая якка-ёлғиз ва ўзгалар парваришига муҳтож кексалардан бўлиб, унга “Инсон” ижтимоий хизматлари маркази томонидан ижтимоий ассистент бириктирилган. Шунингдек, туман “Инсон” ижтимоий хизматлари маркази томонидан туман касалхонасида стационар даволанишига ҳам кўмак берилган. Ушбу маҳаллага бириктирилган ижтимоий ходим эса аянинг ҳолидан доимий хабар олиб туради.

Истат ая Ҳамроева санъатга ошуфта қалб эгаси. Хонадонида меҳмон бўлган хар бир инсон билан дилдан суҳбат қуриб, ўзининг ижроларидан баҳраманд этади.
Айтишимиз жоизки, бугунги кунда ижтимоий ходимлар бириктирилган участкаларида истиқомат қилувчи ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳоли қатлами билан учрашиб, уларнинг мурожаат ва муаммоларига ижобий ечим топиш мақсадида иш олиб бормоқда. Ана шундай мурожаатлардан яна бири ўз ечимини топди. Қолаверса, давлатимиз раҳбарининг 2024 йил 20 февралдаги йиғилишида ота-она меҳрига муҳтож болаларга ғамхўрлик масалалари кўриб чиқилган эди. Ота-онаси миграцияда бўлган, ноқулай ижтимоий муҳитдаги оилаларда тарбияланаётган, руҳий-жисмоний ривожланишида муаммоси бор болаларга ёрдам тизимини такомиллаштириш зарурлиги кўрсатиб ўтилди.
Давлатимиз ташаббуси билан Меҳрибонлик уйларидаги болаларни оилага яқин муҳитда тарбиялаш, билимли ва маънавиятли, ватанпарвар инсонлар қилиб вояга етказиш мақсадида жорий қилинган тизим ота- она меҳридан айро яшаб келган мурғак қалблар ҳаётида тамомила янги саҳифа очади. Шу ўринда яна бир маълумот: васийлик, ҳомийлик, патронатга олинган ҳамда оилавий болалар уйларидаги болалар билан маҳалладаги ижтимоий ходимлар шуғулланиши белгиланди. Улар ота-она ўрнини босувчи шахслар бола олдидаги мажбуриятини қай даражада бажараётганини мониторинг қилиб, баҳолаб боради.
Йиғилишда кўтарилган ушбу масала юзасидан ҳам туман инсон ижтимоий хизматлар маркази ходимлари ўз вазифаларини бажаришга киришди. Жумладан, “Валфажир” маҳалла фуқаролар йиғини 3-сонли Оилавий болалар уйида 3 нафар қиз тарбияланмоқда. Уларнинг яшаш шароити, дам олиши, ётоқхонанинг иссиқлик тизими, дарс тайёрлаши учун барча қулайлик яратилган.
Ҳар бир инсон қалбида келажакка умид, эзгу ишларнинг бошидан тутиб уни бажара олишига юксак ишонч бўлса, албатта ўз мақсадига эришади. Зеро, инсон қадри улуғланган юртимизда ногиронлиги бўлган ижтимоий ҳимояга муҳтож қатлам манфаатлари доимо эътиборда.
[gallery-16313]
Зариф Комилов, Тоҳиржон Истатов (сурат), ЎзА мухбирлари