Ижоднинг етилган палласи
Ўзига хос истеъдод эгаси, салоҳиятли журналист, Ўзбекистон журналистлар уюшмаси аъзоси Насиба Шамуратова ижодини йигирма йилдан бери кузатиб бораман. Унинг комбинат меҳнат жамоалари ва кон-металлургия соҳаси ишчи-ходимлари ҳақидаги ҳаётий мақолаларида ижодкорнинг мушоҳадали ўй-хаёллари, тоза самимияти ва ички қатъияти ойнадек акс этиб туришидан завқланаман.
Комбинатда фаолиятимнинг кейинги йилларида Насиба Абдуллаевна билан бирга ишлаш, ҳамфикр, маслакдош бўлиш асосида унинг ниҳоятда теран ақл-идрок соҳибаси эканига ҳам амин бўлдим. Негаки, НКМК матбуот тизимида унинг фаолияти битта мақола ёзиш билан чекланмаслиги, балки “Кончилар ҳаёти” газетаси учун рус тилида астойдил материаллар тайёрлаш, келадиган мақолаларни таҳрир қилиш, қайта ишлаш, комбинат фаолияти ҳақидаги китоб ва фильмларга рус тилида матнлар ёзиш, байрам ва юбилей муносабатлари билан ўтказиладиган тадбирларга раҳбарият номидан табрикномалар тайёрлаш каби ишларни ҳам профессионал даражада бажаришига гувоҳ бўлдим. Бу ўта масъулиятли вазифаларни адо этиш учун журналист бугунги давлат сиёсатини яхши идрок қилиши, кон-металлургия соҳасини яқиндан билиши ва кенг дунёқарашга эга бўлиши зарур. Насиба бу ишларни бир неча йиллардан бери касб маҳорати, бой тажрибаси ила уддалаб келмоқда.
У ўзига хос истеъдод соҳибаси. У кўп гапиришни ёқтирмайди, мақтанчоқлик қилмайди. Бўлар-бўлмасга нолимайди, ҳеч қачон шошилмайди. Ҳар бир топшириққа жиддий ёндашади ва ўз вақтида бажаради. Унинг сокингина юриш-туриши, секингина гапиришини кўрган одам, у анча-мунча “эркак зоти” кўтара олмайдиган залворли юкни ортмоқлаб бораётганига ишонгиси келмайди. Ҳақиқатдан ҳам шундай! Мақола ёзиш заҳмати, маъруза ва табрик матнлари тайёрлашдаги руҳий “тўлғоқ”ларни бошидан кечирган билади. Бу йўлда унинг қалами обдон чархланди ва профессионал журналист сифатида пишиб-етилди.
Ҳа, унинг умри ижод деб аталмиш мана шу ўқдек тўғри чизиқ атрофида ёниб, ўчиб, тобланиб, ўтиб бормоқда. Бугун ижодининг етилган палласида 54 ёшини қаршилаётган ҳурматли ҳамкасбимни қутлаш, ижодига назар ташлаб, эътироф этиш мақсадида қўлимга қалам олдим. Зеро, умрини ўнлаб одамлар ҳаётини ёритиб, уларнинг қувонч-ташвишлари, орзу умидлари ҳақида юзлаб публицистик мақолалар битган қадрдон ижодкорнинг ўзи ҳам чиройли эътирофларга, мақтовларга лойиқ. Унинг 30 йилдан ортиқ машаққатли, қизғин меҳнат фаолияти ёш журналистлар учун ибрат намунасидир.
Н.Шамуратова 1969 йил 3 октябрда Навоий шаҳрида зиёлилар оиласида туғилган. Отаси раҳматли Абдулла ака асли навбаҳорлик бўлиб, Тошкент давлат политехника институтини тамомлаган. Онаси Зулайҳо ая Самарқанд давлат университетининг тарих факультетини битирган. Улар олий ўқув юртларини тамомлашгач, Тошкент давлат политехника институтининг Навоий филиалида ишлашган ва шу ерда танишиб оила қуришган. Абдулла ака Киевда аспирантурани тамомлаб, биогеометрия бўйича диссертация ҳимоя қилади ва техника фанлари номзоди унвонига эга бўлиб қайтади. Кўп йиллар ҳозирги Навоий давлат кончилик ва технологиялар университетида доцент, чизма геометрия кафедраси мудири бўлиб меҳнат қилган. Уни шогирдлари ҳали ҳануз ҳурмат билан тилга олишади. Онаси ҳам мазкур олийгоҳда, кейинчалик ҳунар-техника техникумида тарих ва жамиятшуносликдан дарс берган. Отаси илмий иш билан шуғулланиш жараёнида адабиётлар фақат рус тилида бўлгани учун қийинчиликларга дуч келади ва келажакда фарзандлари қийналмасликлари учун уларни рус мактабларида ўқитади.
Жажжигина Насиба биринчи синфга борганда рус тилини умуман билмас, ота-онасига мени ўзбек синфига ўтказиб қўйинглар, дея илтижо қиларди. Бироқ, ота-онаси ўз сўзларида қатъий туришганлари боис, ноилож, рус синфида ўқишни давом эттиради. Оиладаги тўрт фарзанднинг ҳаммаси– икки қиз ва икки ўғил рус мактабини тамомлаганлар. Табиатан тиришқоқ қаҳрамонимиз савод чиқара бошлаган илк кунларидан мактаб кутубхонасига аъзо бўлади ва ўзбек синфлар учун рус тили дарсликларини битта қўймай кечаю кундуз тинмай ҳижжалаб ўқиб чиқади. Бу ҳақда қаҳрамонимиз шундай дейди: “Дарсликларда ҳар бир сўз устида тўғри талаффуз учун урғу қўйилади. Мен сўзларни қайта-қайта такрорлашдан эринмасдим. Шу аснода орадан икки йил ўтганда тилни яхши ўзлаштириб олдим. Рус тили ва адабиётдан ҳар доим беш баҳо олардим. Нима учун рус синфдошларим ёзишда хатога йўл қўйишларига умуман тушунмасдим. Дадамнинг ёрдамида алгебра ва геометрияни ҳам аъло даражада билардим”.
Насибанинг адабиётга бўлган ўзгача меҳр-муҳаббатини илғаган синф раҳбари - Людмила Михайловна Коковихина унга журналист бўлишни маслаҳат беради. У 1986 йилда мактабни аъло баҳоларга тамомлаб, Тошкент давлат университетининг журналистика факультетига ўқишга киради. Ўқиш кезлари ёзги амалиётни Навоий вилоят ҳокимлигининг “Знамя дружбы” газетасида ўтказар эди ва 1991 йилда мазкур таҳририятга дипломли мутахассис бўлиб ишга келди. У таҳририятдаги биринчи устози ҳақида жуда илиқ фикрлар билдирди:
- Биринчи мураббийим газета муҳаррири - Игор Евгеньевич Загоскиндан жуда миннатдорман. У нафақат профессионал журналист, яхши ташкилотчи, ёшларнинг ғамхўр тарбиячиси, устози эди. У кўпроқ ўйлашимиз, ўрганишимиз, мақолани “суви”ни олиб ташлашимиз учун материалларни бир неча бор қайтариши мумкин эди. Менга унинг “Деярли профессионал даражада ёзибсан”, дегани энг зўр мақтов эди. Орфографик жиҳатдан тўғри ёзганим учун таҳририят корректори меҳнат таътилига кетганда унинг ишини бажариб турардим. Вилоят газетасини ўқиб тузатиш – бу катта ишонч эди. Мен “Знамя дружбы”да иқтисод бўлими бошлиғи даражасигача кўтарилдим, вилоятда анча танилиб қолдим.
Ёш журналист бу орада турмушга чиқди, қизи Мадина туғилди. Айни шу пайт Насиба Абдуллаевнани “Фарҳод” маданият саройига ишга таклиф қилиб қолди. У ҳеч иккиланмай ушбу нуфузли муассасага ишга ўтди ва тўгараклар, ансамбллар, оркестрлар, хореограф ва мусиқачилар, маданият саройида ўтказилган танловлар ва фестиваллар, жамоаларнинг ижодий гастроллари ҳақида вилоят ва республика матбуотида кенг ёрита бошлади. Ижодий жамоаларнинг ҳаёти, уларнинг халқаро танловлардаги иштироки ҳақидаги видеофильмлар ҳамда жамоаларнинг юбилейларига сценарийлар, ижодий жамоалари ҳақидаги буклетларга матнлар тайёрларди. Хуллас, ишлар кўп, ишлаш жуда қизиқ эди. Бироқ, унинг юрагида ўзини жиддийроқ ишларда синаб кўриш иштиёқи бор эди. Шунинг учун 2008 йилда уни НКМК Матбуот марказига таклиф қилишганда, бажонидил рози бўлди. Матбуот марказининг иши унга ўзининг ранг-баранглиги билан ёқади. Унинг мақолалари республиканинг нуфузли нашрларига чоп этиб борилади. У ўз танлаган мамнун ҳолда шундай дейди:
- Ишимнинг менга энг қизиқарлиси, комбинатимиз республиканинг турли ҳудудларидаги шаҳарларида хизмат сафарида бўлиш. Мен Учқудуқ, Зарафшон, Нуробод, Маржонбулоқ, Зафаробод ва Заркентни беш қўлдай биламан. Металлургия заводларида, кон ва карьерларда, автобазалар ва темир йўл транспорти бошқармаларида, болалар соғломлаштириш оромгоҳларида, профилакторийларида бўламан. Улардан энг эсда қоларлиси, “Мурунтов” карьери косасига тушганим бўлган. Навоий кон-металлургия комбинати жамоасининг улкан бунёдкорлик ишларини фақатгина унинг ичида бўлиб, юрак уришини ҳис қилиб, бурғуловчилар, оғир юк кўтарадиган самосвал ҳайдовчилари, экскаваторчилар, завод ишчилари, қурувчиларнинг оғир меҳнатларини ўз кўзингиз билан кўрибгина тасаввур қилиш мумкин. Уларнинг меҳнати ҳақиқатдан ҳам қаҳрамонона, уларнинг ҳар бири ҳақида ажойиб мақолалар ёзиш мумкин. Мен одамлар ва меҳнат жамоалари ҳақидаги мақолаларим ҳаққоний, руҳиятни кўтарадиган, қаҳрамонларимга миннатдорчилик руҳида ёзилишини ва албатта газетада чиройли жойлаштирилишини истайман.
У кўп китоб ўқийди. Қалбининг қай бир жиҳати билан у менга қадрли бўлиб қолганининг сабаби ҳам шундадир балки. “Тарихий китобларни севиб ўқишим онам туфайли бўлса керак”, дейди ўзи. Столи устида турадиган китоби - Валентин Пикулнинг “Фаворит” асари.
Насиба Шамуратова машаққатли меҳнатлари катта жамоада қадр топаётганидан, комбинат раҳбарияти унинг меҳнатини рағбатлантириб бораётганидан миннатдор. Ижодига берилаётган муносиб баҳо уни янада баланд марраларга руҳлантириб, янги уфқларни очмоқда. Унинг ичида энг ёруғ орзулари Москва пўлат ва қотишмалар институтини муваффақиятли тамомлаган қизи Мадинанинг фарзандлари бахту камоли билан боғлиқ. Биз азиз ҳамкасбимизга дунёдаги жамики эзгуликлар ёр бўлишини тилаб, “ўткир қаламингиз синмасин”, деймиз.
Cалима Холдорова,
"Profi University" университети ўқитувчиси