Ижодкорнинг замонага хос ғазалларидан
Яхши одам яхшиликни асло миннат қилмагай...
Сенсиз ойнинг шуъласи юлдузчалик нур бермас,
Ўзга зебо чиройи қалбимга ҳузур бермас.
Бисёр эрур очунда баҳрлару дарёлар,
Барчаси ҳам бағридан биз истаган дур бермас.
Васлинг куйида, майли, Мажнун бўлайин, санам,
Муҳаббатсиз онларим умрга сурур бермас.
Дариғ тутма меҳрни, яхшиликни шиор эт,
Баҳри очиққа доим изтироб, кудур бермас.
Феълига қараб бордур ҳар элнинг насибаси,
Шукроналик улусга вайрона ва шўр бермас.
То тириксан, Фармоно, миллатинга қил хизмат,
Садоқатсизга асло ифтихор, ғурур бермас.
2019 йил, 25 ноябрь
***
Яхши одам яхшиликни асло миннат қилмагай,
Бесаховат кимсалар ҳеч кимга ҳиммат қилмагай.
Яхши одам борганингда меҳрини тутмас дариғ,
Мушкулингни ҳал этар, хизматни қиммат қилмагай.
Кимсалар бор, мансабини ўйлагай боқий дебон,
Келганида кимсани тинглашга тоқат қилмагай.
Бир чиройга етгуликдир кўзда бўлса гар меҳр,
Аҳли оқил ҳар не лушни зебу зийнат қилмагай.
Дангаса, лоқайд ҳамиша ўйлагай оромини,
Эл нетонг, оиласин аҳлига хизмат қилмагай.
Ҳақ йўлинда, Фармоно, эзгуликни эт ҳабиб,
Эътиқодсиз кимсалар умрида роҳат қилмагай.
2019 йил, 14 июнь
Яхши ҳам дунёда бордир яхшиларнинг суҳбати,
Доимо файзли баҳордир яхшиларнинг суҳбати.
Истагай кўнгил ҳамиша аҳли фозил даврасин,
Тонг каби оқ, беғубордир яхшиларнинг суҳбати.
Ҳамсабоқ, дарсу ўгитдир бебаҳо гап, сўзлари,
Омаду ҳам ифтихордир яхшиларнинг суҳбати.
Соғиниб борсанг мабода меҳрибонлик кўрсатур,
Хаста кўнгилга мадордир яхшиларнинг суҳбати.
Эзмалик, нодон фикр йўқ, бахш этур илму зиё,
Маънили, лек ихтисордир яхшиларнинг суҳбати.
Орзу айла доимо Фармоно, сен нур ахтариб,
Қалбинга оққан шарордир яхшиларнинг суҳбати.

2020 йил 1 апрель
Фармон ТОШЕВ,
журналист