Ижодкорлар ҳам уй-жойли бўлиши мумкин: кимларга ипотека субсидияси берилади?
Маданият, санъат ва адабиёт соҳасида фаолият юритаётган ижодкорлар учун уй-жой сотиб олишда давлат кўмаги жорий этилди. Эндиликда санъаткорлар, ижодкорлар ва ижрочилар “Ижодкорлар” реестрига онлайн ариза беришлари, белгиланган талабларга мос келган тақдирда эса ипотека субсидиясидан фойдаланишлари мумкин.
Мазкур тартиб Вазирлар Маҳкамасининг 2026 йил 11 ноябрдаги тегишли қарори билан белгиланган.
Субсидия нималарни қоплайди?
Қарорга асосан, уй-жойнинг бошланғич бадалининг 50 фоизи давлат томонидан қопланади. Ипотека кредитининг дастлабки беш йили давомида фоиз тўловларининг 10 фоизлик пунктдан юқори қисми субсидия қилинади. Бу имконият ижодкорларнинг уй-жой сотиб олиш билан боғлиқ молиявий юкини камайтиришга қаратилган.
Субсидиядан кимлар фойдаланиши мумкин?
Қарорга мувофиқ, талабгорлар бир қатор мезонлар асосида баҳоланади. Жумладан:
Маданият, санъат ва адабиёт соҳаларида камида етарли иш стажига эга бўлиши;
Ариза топшириш вақтида тегишли соҳада фаолият юритаётган бўлиши;
Маданият соҳаси вакилларининг ягона реестрида мавжуд бўлиши;
Белгиланган даромад мезонларига мос келиши;
Охирги икки йил давомида ариза берувчи ва унинг турмуш ўртоғи номида турар жой мавжуд бўлмаслиги;
Банкнинг кредит тарихи бўйича талабларига жавоб бериши.
Айрим фаолият турлари учун лицензия мавжудлиги ҳам инобатга олинади.
Қандай уй-жой сотиб олиш мумкин?
Субсидия Иқтисодиёт ва молия вазирлиги томонидан қайта молиялаштириладиган ипотека кредитлари доирасида бирламчи уй-жой бозоридан квартира сотиб олиш учун ажратилади. Бунда квартира ариза берувчининг асосий иш жойи жойлашган ҳудудда қурилган бўлиши керак. Субсидия бир оилага фақат бир марта берилади.
Мавжуд тартибга асосан ҳар йили уй-жойга муҳтож 1 000 нафар маданият, санъат ва адабиёт соҳалари вакилига бирламчи бозордан квартира сотиб олиш учун имтиёзли ипотека кредитлари ажратиш белгиланган.
Қаерга ва қандай мурожаат қилиш керак?
Ижодкорлар “Ижодкорлар” реестрига киритиш бўйича онлайн хизматдан фойдаланишлари мумкин. Ипотека субсидияси учун эса Ягона интерактив давлат хизматлари портали — my.gov.uz ёки Давлат хизматлари марказлари орқали мурожаат қилиш мумкин.
Тақдим этилган маълумотлар ваколатли ташкилотларнинг электрон базалари орқали текширилади. Субсидия ажратиш ҳақидаги ижобий хабарнома банк томонидан ипотека кредити аниқ берилишини англатмайди. Банк кредитни ўз талаблари асосида алоҳида кўриб чиқади.
Муҳайё Тошқораева,
ЎзА