“Ижодкор ёшлар – юрт келажаги”
Пойтахтимизнинг Мирзо Улуғбек туманидаги “Баркамол авлод” болалар мактабида тумандаги умумтаълим мактаблари ўқувчилари иштирокида “Ижодкор ёшлар – юрт келажаги” мавзуида фестиваль-танлов бўлиб ўтди.
Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили ҳамда 5 та муҳим ташаббус ижроси доирасида ташкил этилган тадбирда Мирзо Улуғбек тумани ҳокимлиги, туман халқ таълими бўлими, прокуратура, туман ИИБ, “Ватанпарвар” ташкилоти вакиллари, педагоглар, кенг жамоатчилик ва оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этди.
Фестиваль ўқувчиларнинг бўш вақтларини мазмунли ташкил этиш, улар онгига меҳнатсеварликни, касб тайёргарлигининг дастлабки ўқув кўникмаларини сингдириш, қизиқишларига кўра санъат, техника, конструкторлик ва моделлаштириш, ҳунармандчилик, қўл меҳнати, экология йўналишларига оид кўникмаларни сингдириш ҳамда иқтидорли ёшларни аниқлаш ва уларни қўллаб-қувватлаш мақсадида ташкил этилди.
Фестиваль-танлов “Маданият ва санъат”, “Техника, конструкторлик ва моделлаштириш”, “Ҳунармандчилик ва қўл меҳнати” ҳамда “Экология ва туризм” йўналишлари бўйича ўтказилди. Иштирокчиларнинг ижодий ишлари ҳакамлар ҳайъати томонидан баҳоланди.
Ғолиб бўлган ижодкор-ёшлар махсус диплом ва эсдалик совғалар билан тақдирланди.
Шунингдек, тадбирга туман ички ишлар бўлими профилактик рўйхатида турувчи 19 нафар вояга етмаган ёш ҳам жалб этилди. Бу ёшлар ҳам тенгдошларининг ижодлари билан яқиндан танишди.
Гулноза Бобоева, ЎзА