“Ижод ва технология чорраҳасида: саноат дизайни” кўргазмаси очилди
Ўзбекистон Бадиий академияси Икуо Хираяма халқаро маданият карвон саройининг катта кўргазмалар залида “Ижод ва технология чорраҳасида: саноат дизайни” деб номланган бадиий кўргазманинг очилиши бўлиб ўтди.
Халқаро тасвирий ва амалий санъат фестивали доирасидаги ушбу кўргазмада Ислом Каримов номидаги Тошкент давлат техника университетининг иқтидорли талабалари, битирувчилари ва тажрибали ўқитувчилари томонидан яратилган 30 та энг сара лойиҳа намойиш этилди.
Саноат дизайни — бу кундалик ҳаётимизда фойдаланадиган буюмларни ҳам чиройли, ҳам қулай қилиб яратиш санъати. Муайян буюм ёки маҳсулот кўзга ёқимли кўриниши билан бирга ундан фойдаланиш осон бўлиши, у ўз вазифасини яхши бажариши саноат дизайнининг таркибий қисмига киради. Саноат дизайни бу - гўзаллик ва фойдалиликнинг бирлашмаси.
[gallery-28875]
Ислом Каримов номидаги Тошкент давлат техника университетининг “Саноат дизайни” кафедраси ижод, муҳандислик ва саноатни ўзида мужассам этган йўналиш бўйича юқори малакали саноат дизайнерларининг амалий лойиҳаларини фаол қўллаб-қувватлаб келаётгани диққатга сазовор.
Кўргазмада замонавий саноат дизайнерлигининг энг долзарб жиҳатларини ўзида акс эттирган лойиҳаларга кенг ўрин берилган. Бу лойиҳалар эртанги кунни янада қулай, эстетик жиҳатдан жозибали ва экологик хавфсиз қилишдек масалаларни ўзига қамраб олгани билан аҳамиятли.
Мазкур кўргазма маҳаллий саноат дизайни қудратли интеллектуал ва ижодий салоҳиятга эга эканини яққол намоён этади.
Н.Усмонова, Ф.Абдурасулов (сурат), ЎзА мухбирлари