Ижод мактабида Зомин руҳи
Сирдарё вилоятидаги Ҳалима Худойбердиева номидаги ижод мактабида Тошкент ва Сирдарё вилоятларидан ташриф буюрган ёш ижодкорлар иштирокида анъанавий “Зомин семинари”нинг ҳудудий босқичи юқори савияда ташкил этилди.
Ёш авлоднинг ижодий салоҳиятини юзага чиқариш, уларни адабиёт оламига мунтазам равишда жалб этиш, бадиий маҳоратини ривожлантириш мақсадида уюштирилган мазкур тадбирда наср, назм, болалар адабиёти, бадиий таржима, драматургия ва публицистика йўналишларида ижод қилаётган истеъдодли ёшлар фаол иштирок этди.
Семинар доирасида ёш ижодкорларнинг асарлари турли йўналишлар бўйича таҳлил этилиб, таниқли адабиётшунослар ва устоз адиблар томонидан бадиий савияни ошириш, услубни такомиллаштириш борасида муҳим тавсиялар берилди. Бу жараён ёш қалам эгаларининг ўз асарларига янги нигоҳ билан қараши, танқидий фикрлаш қобилиятини ривожлантиришига хизмат қилди.
[gallery-23020]
Назм йўналиши семинарнинг энг оммабоп йўналишларидан бири бўлиб, шоир Муҳаммад Исмоил раҳбарлигида ўтган машғулотларда кўплаб ёш шоирлар иштирок этди. Бу юртдош ёшларимизнинг шеъриятга бўлган қизиқиши тобора ортиб бораётганидан далолатдир.
Семинар якунида Сирдарё вилоят ҳокимининг ўринбосари Шоҳрух Исоқулов вилоят ҳокими вазифасини бажарувчи Эркинжон Турдимовнинг ёзма табриги ва эсдалик совғаларини ёш ижодкорларга тантанали равишда топширди.
Тадбирда Ўзбекистон халқ шоири Маҳмуд Тоир, Ёзувчилар уюшмасининг Сирдарё вилоят бўлими раҳбари Норинисо Қосимова, профессор Равшанбек Маҳмудов, сенатор Покиза Ахмеджанова сўзга чиқиб, ёш ижодкорларга ўз тилакларини билдирди. Ҳар бир иштирокчига махсус сертификатлар топширилди.
Шу куни сирдарёлик 5 нафар ижодкорга Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзолигига қабул қилинганлиги тўғрисидаги гувоҳнома ҳам топширилди.
Зомин семинари фақатгина ижодий тадбир эмас, балки ёшлар қалбида адабиётга бўлган муҳаббатни кучайтирувчи, миллий маънавиятни юксалтирувчи мактабдир. Унинг таъсири ва аҳамияти йил сайин ортиб бораётгани, энг аввало, ёш ижодкорларнинг жонкуяр иштироки ва шижоатида ўз ифодасини топмоқда.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири