Ижобий лақаб – руҳни кўтарар, салбий лақаб – кўнгилни эзар
Инсонлар мулоқотга киришишда исм оғзаки идентификация сифатида хизмат қилади. Қолаверса, исмдан ташқари яқинлар орасида лақаб ва турли хил жамоалар ўртасида шахсга лақаб бериш тушунчаси ҳам мавжуд.
Лақаб – бу шахсни бошқалардан ажратиб турувчи, кўпинча муайян хусусият, одат ёки кўринишга асосланиб берилган номдир. У халқ оғзаки ижоди, миллий менталитет ва тил маданиятининг ажралмас қисми сифатида қадимдан мавжуд ва ҳозирга қадар сақланиб қолган.
Бироқ лақаб ҳар доим ҳам бир хил мақсадда ишлатилмайди. Чунки мақсад ва вазиятга кўра у ҳазил, самимият, киноя ёки камситиш шаклида бўлиши мумкин. Шу боис бу ҳодиса ижобий ва салбий жиҳатларни ўзида мужассам этади.
Тилшунослик нуқтаи-назаридан лақаб инсоннинг шахсий исмидан ташқари унинг бирор жиҳатини ифодалайдиган қўшимча ном. Ўзбек тилига лақаб араб тилидан кириб келган бўлиб, “ном”, “атама”, “тавсиф” деган маъноларни билдиради.
Тарихий манбаларда ҳам кўплаб буюк шахслар лақаблар билан танилган: масалан, Амир Темур – “Соҳибқирон”, Абу Али ибн Сино – “Шайхурраис”. Бу лақаблар ҳурмат, эҳтиром ва улуғлаш маъносини билдирган.

Демак, аслида лақаб қўйиш – инсонни тан олиш, эътироф этиш белгиси сифатида шаклланган ижобий ҳодиса. Афсуски, баъзилар инсоннинг шахсиятидаги заифликлар ёки ташқи кўринишидаги камчиликлар билан чақиришни лақаб деб ҳисоблайди. Бу эса кўп ҳолларда салбий ҳолатларга сабаб бўлмоқда.
Инсон, айниқса, болалик ёки ўсмирлик даврида ўзини қандай қабул қилса, кейинги ҳаётда шундай ўзини баҳолайди. Агар унга доимий равишда “семиз”, “калта”, “хунук”, “дангаса” каби лақаблар билан мурожаат қилинса, бу унинг ўз-ўзига ишончини пасайтиради, ўзига бўлган баҳосига салбий таъсир қилади.
Психологларнинг фикрича, лақаб орқали камситилган шахс ўз қиёфаси ва хатти-ҳаракатларидан уяладиган, бошқаларнинг фикрига ҳаддан ташқари боғланиб қоладиган ва ижтимоий фаоллиги паст шахсга айланади. Натижада бундай инсонлар ўзини етарли даражада қадрлай олмайдиган, кўпроқ камчилик излайдиган шахс сифатида шаклланади. Шу боис, лақаб қўйиш масаласи нафақат тил, балки психологик ва тарбиявий жиҳатидан ҳам қаралиши керак.
Лақабнинг салбий жиҳатлари мавжуд бўлса-да, у тўғри йўналтирилганда инсонни руҳлантирувчи, илҳомлантирувчи воситага айланиши мумкин. Масалан, “Топқир”, “Жасур”, “Меҳрибон”, “Уддабурон” каби лақаблар шахсни ижобий жиҳатдан ифодалаб, кишига ишонч ва мотивация беради.
Ўзбек халқининг сўз бойлигида кўплаб меҳр ва инсоний фазилатларни ифодаловчи лақаблар мавжуд. Улар кўпинча дўстлар, яқинлар ёки оила аъзолари ўртасида ишлатилади. Бундай лақаблар самимият, ишонч ва илиқлик рамзи ҳисобланади.
Демак, лақабни фақатгина кулги ёки камситиш воситаси сифатида эмас, балки рағбат ва меҳр ифодаси сифатида қўллаш мақсадга мувофиқ.
Лақаб қўйиш инсонлар ўртасидаги табиий мулоқот жараёнининг бир қисми, лекин у қандай мақсадда ишлатилишига қараб турлича таъсир кўрсатади. Агар лақаб ҳурмат, муҳаббат ёки самимият билан берилса, у инсонни руҳлантиради, ижобий кайфият бағишлайди. Аммо агар у киноя, масхара ёки камситиш шаклида бўлса инсон руҳиятига жиддий зарар етказади. Шундай экан, ҳар биримиз сўзимизга масъулият билан ёндашишимиз, лақабни одамни пастга эмас, юқорига кўтарувчи восита сифатида ишлатишимиз зарур. Зеро, сўзда куч бор, у билан инсонни ҳам ранжитиш, ҳам қувонтириш мумкин.
Дилдора ДЎСМАТОВА, ЎзА