Июнь ойида фонд бозорида 942,5 млрд. сўмлик савдо амалга оширилди
Мамлакатимизда капитал бозорини ривожлантириш, инвестиция муҳитини яхшилаш ҳамда қимматли қоғозлар бозорининг жозибадорлигини оширишга қаратилган ислоҳотлар ўз самарасини бермоқда. Буни 2026 йил июнь ойида “Тошкент” Республика фонд биржасида қайд этилган савдо натижалари ҳам яққол тасдиқлайди.
Ҳисобот даврида биржанинг котировкалаш варағида иқтисодиётнинг 14 та турли тармоғи вакилларига тегишли қимматли қоғозлар билан 103 минг 864 та битим амалга оширилди. Уларнинг умумий қиймати 942,48 миллиард сўмни ташкил этди. Ушбу рақамлар мамлакатимиз фонд бозорида инвесторлар фаоллиги ортиб бораётганини, корпоратив қимматли қоғозларга қизиқиш эса тобора кучайиб бораётганини кўрсатади.
Июнь ойи статистикасига кўра, битимлар сони бўйича банк сектори мутлақ етакчилик қилди. Ушбу тармоқда 45 минг 205 та битим тузилган бўлиб, бу умумий битимларнинг қарийб ярмини ташкил этади.
Бу ҳолатни бир нечта омил билан изоҳлаш мумкин. Аввало, мамлакатимиз банк тизимида олиб борилаётган трансформация жараёнлари, рақамли хизматларнинг кенгайиши, хусусийлаштириш дастурлари ҳамда акциядорлик жамиятларида корпоратив бошқарувнинг такомиллашиб бораётгани инвесторлар учун ушбу секторни янада жозибадор қилмоқда.
Кейинги ўринларни суғурта соҳаси (21 минг 455 та битим) ҳамда молиявий хизматлар тармоғи (13 минг 609 та битим) эгаллади. Бу эса молия бозори иштирокчилари фақат банклар эмас, балки молиявий хизматлар кўрсатувчи бошқа институтларга ҳам юқори қизиқиш билдираётганини англатади.
Битимлар сони бўйича банклар етакчилик қилган бўлса, савдо ҳажми бўйича молиявий хизматлар сектори биринчи ўринни эгаллади. Мазкур тармоқда 715,04 миллиард сўмлик савдо амалга оширилиб, умумий ҳажмнинг 75,87 фоизини ташкил қилди. Бу эса йирик инвестицияларнинг асосий қисми айнан молиявий хизматлар соҳасига йўналтирилганини кўрсатади.
Иккинчи ўринда суғурта соҳаси қайд этилди. Бу тармоқ улушига 146,55 миллиард сўм ёки 15,55 фоиз тўғри келди. Кейинги поғонада эса транспорт соҳаси бўлиб, унда 47,78 миллиард сўмлик савдо амалга оширилди. Бу умумий савдо ҳажмининг 5,07 фоизига тенг.
Эътиборлиси, айнан шу уч тармоқнинг ўзи фонд биржасидаги умумий савдо ҳажмининг 96 фоиздан ортиғини шакллантирди. Бу эса капитал бозорида инвестиция оқимлари ҳозирча асосан молия соҳасига жамланаётганини кўрсатади.
Ҳисоботда иқтисодиётнинг айрим тармоқлари фонд бозорида ҳали етарли даражада фаол эмаслиги ҳам кўзга ташланади. Хусусан, лизинг соҳасида атиги 44 та битим амалга оширилиб, савдо ҳажми 519,35 минг сўмни ташкил этган. Бу кўрсаткич мазкур соҳада эмитентлар сонининг камлиги, қимматли қоғозлар ликвидлигининг пастлиги ёки инвесторлар қизиқишининг ҳали етарли даражада шаклланмагани билан изоҳланиши мумкин.
Иқтисодчиларнинг фикрича, фонд бозорининг барқарор ривожланиши учун инвестиция фақат молия соҳасида эмас, балки саноат, қурилиш, энергетика, телекоммуникация, ахборот технологиялари ва агросаноат каби реал сектор тармоқларига ҳам кенг жалб қилиниши муҳим аҳамият касб этади.
Бу бир томондан, иқтисодиётнинг турли соҳаларига узоқ муддатли инвестициялар оқимини оширса, иккинчи томондан эса фонд бозорининг ликвидлиги ва барқарорлигини таъминлайди.
Хулоса ўрнида айтиш жоиз, 2026 йил июнь ойи натижалари мамлакатимиз фонд бозорида ижобий динамика сақланаётганини кўрсатмоқда. Савдо ҳажмининг қарийб 1 триллион сўмга яқинлашгани, юз мингдан ортиқ битим амалга оширилгани ҳамда инвесторлар фаоллигининг юқори даражада экани капитал бозорини ривожлантириш бўйича амалга оширилаётган ислоҳотлар самара бераётганидан далолатдир.
Шу билан бирга, иқтисодиётнинг бошқа тармоқлари иштирокини кенгайтириш, янги эмитентларни фонд бозорига жалб қилиш ва аҳоли ҳамда институционал инвесторларнинг инвестиция маданиятини юксалтириш капитал бозорининг кейинги босқичдаги асосий вазифаларидан бири бўлиб қолмоқда.
Шаҳноза Маматуропова, ЎзА