Ихтиёр полвон Осиё чемпионига айланди
Қирғиз Республикасининг Бишкек шаҳрида спорт курашлари бўйича ўтказилган Осиё чемпионати доирасида Ўзбекистон терма жамоаси аъзолари 1 тадан олтин, кумуш ва бронза медалларига сазовор бўлди.
Жумладан, вазни -55 кг. бўлган полвонлар орасида барча рақибларини таслим этган Ихтиёр Ботиров шоҳсупанинг энг юқори поғонасидан жой олган бўлса, 130 килограммгача вазнда Рафаэл Ситсуашвили кумуш, 77 кг.да Дониёрхон Накибов бронза медалини қўлга киритди.

Шунингдек, чемпионатнинг кечаги саралаш беллашувларида гиламга чиққан Алишер Ғаниев 60 килограммгача вазнда финал йўлланмасини қўлга киритди. Полвонимиз бугун КХДР вакили Се Унг Ри билан қитъа чемпионлиги учун кураш олиб боради.
Шунингдек, яна икки нафар полвонимиз — Абдумалик Аминов (-67 кг) ва Шаҳзод Қўчқоров (-72 кг) эртага бронза медали учун кураш олиб боради. Унда Шаҳзод япониялик Таиши Нарикуни билан куч синашса, Абдумалик хитойлик Жи Ленг ва ҳиндистонлик Сачин Саҳрават беллашуви ғолибига қарши гиламга чиқади.
Жавоҳир Тошхўжаев,
ЎзА