Ихчам ва самарали давлат бошқаруви тизими шаклланади
Андижон вилояти адлия бошқармаси томонидан “Маъмурий ислоҳотлар: иҳчам ва самарали давлат бошқарув тизими” мавзусида матбуот анжумани ўтказилди.
Республика ва ҳудудий оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этган анжуманда Президентимизнинг 2022 йил 21 декабрдаги “Янги Ўзбекистон маъмурий ислоҳотларини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида” ги фармони аҳамияти ва мазмун-моҳияти, уни тарғиб этиш хусусида сўз юритилди.
Анжуманда адлия бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари Муҳаммадбобур Каримов, Давлат хизматларини ривожлантириш агентлиги вилоят филиали раҳбари ўринбосари Ҳаётбек Акбаров, адлия бошқармаси бош маслаҳатчиси Алишер Ҳасанов томонидан фармон ҳамда ўтган йилнинг 21 декабридаги Президентимизнинг “Янги Ўзбекистон маъмурий ислоҳотлари доирасида республика ижро этувчи ҳокимият органлари фаолиятини самарали ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”да қарори мазмун-моҳияти, мазкур ҳужжатларда белгиланган устувор вазифалар ҳақида иштирокчиларга батафсил маълумот берилди.
[gallery-10222]
Матбуот анжуманида давлат бошқарув органлари раҳбарларининг масъулиятини ошириш ҳамда фаолиятини натижадорликка йўналтиришда замонавий талабларга жавоб берадиган ихчам давлат бошқаруви тизимини шакллантириш, қарор қабул қилиш ва масалани кўриб чиқиш жараёнларини соддалаштириш муҳим аҳамият касб этиши таъкидланди.
– Фармонда бошқарув тизимини нафақат оптималлаштириш, балки мазкур йўналишда шахсий ташаббусларни янада кенгайтириш, бошқарувга ижодий ёндашиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилган, – дейди вилоят адлия бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари Муҳаммадбобур Каримов. – Қолаверса, янги истиқболларни очиш мақсадида “қўл бошқаруви” дан – аниқ натижага ишлайдиган тизимли бошқарувга ўтиш бўйича аниқ ва тизимли вазифалар белгилаб берилган.
Тадбир давомида фармонда назарда тутилган ўзгаришлар инфографикалар орқали аниқ мисоллар асосида тушунтирилди. Белгиланган вазифаларни ҳамда тарғибот ишларини самарали ташкил этиш юзасидан таклиф, фикр ва мулоҳазалар билдирилди.
Ф. УБАЙДУЛЛАЕВ,
З. УМРЗОҚОВ (сурат),
ЎзА