Италиялик олимнинг китоби Тошкентда тақдим этилди
Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институтида олим ва ёзувчи Пьетро Жузеппе Френинг “Сонлар, китоб ва чексизлик” (Числа, книги и бесконечность) асари тақдимоти бўлиб ўтди.
Италиянинг мамлакатимиздаги элчихонаси, ФАнинг Шарқшунослик ва Математика институтлари ҳамкорлигида ташкил этилган тадбирда илмий-академик доира вакиллари, тадқиқот марказлари ходимлари иштирок этди.
Илм-фан тарихи мавзусига мурожаат қилинган ушбу китобда математика, мисоли, бир кемага қиёсланган. Кема йиллар уммонида саёҳат қилиб, китобхонни фан етакчилари, машҳур шахслар билан таништириб боради, Платондан Герман Вейлгача таърифлайди.
Фанлар академияси вице-президенти, Шарқшунослик институти директори, тарих фанлари доктори, профессор Баҳром Абдуҳалимов мамлакатимизга кириб келаётган мазкур асар, айниқса, ёшларимиз орасида кенг оммалашишига ишонч билдирди.

– Китоб профессор-ўқитувчиларимиз илмий салоҳиятини оширишга, математика тарихи ҳақида чуқурроқ билим улашишга хизмат қилади, – деди Б.Абдуҳалимов. – Италия Республикасининг юртимиздаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Агостино Пиннанинг китоб тақдимотини шу ерда ўтказиш таклифини мамнуният билан қабул қилдик.
Мамлакатимизда математика тарихига бағишланган қўлёзмалар кўп. Институтимизнинг шарқ халқлари фани ва маданияти тарихи бўлимида Ўрта Осиё алломалари тўғрисида қимматли маълумотлар, кўплаб асарлар нусхалари сақланади.
Кичик илмий ходим Умида Қуронбоева маълум қилишича, бўлим нафақат Ўзбекистонда, балки бутун Марказий Осиёда ягона ҳисобланади.
Элчи жаноб Пинна, ўз навбатида, икки мамлакат ўртасидаги муносабатнинг жорий ҳолатига тўхталди. Келгусида турли истиқболли лойиҳалар давом эттирилишини маълум қилди.
Муаллиф Пьетро Жузеппе Фре ўз китоби ҳақида шундай деди:
– Тўртинчи бобда буюк қомусий аллома, алгебра асосчиси Муҳаммад ибн Мусо Ал-Хоразмийнинг ҳаёт йўли, фаолияти ҳақида мухтасар сўз юритилган. Биласизми, мен илм-фан соҳасига жуда қизиқаман. Бу асар илм-фан гуркираб ривожланган ўрта асрлар давридан ҳикоя қилади. Умуман, дунёда математикага оид адабиётлар кам сақланган. Шу маънода айнан ҳозирги Ўзбекистон ҳудудида IX-X асрларда бўлиб ўтган воқеалар тасвири китобхонлар эътиборини тортишига аминман.
Ҳозирча асар тўлиқ ададда нашр этилгани йўқ, чоп этиш ишларини шу йил охиригача якунлаш кўзда тутилган. Китобнинг рус тилидаги нусхалари институтга ва бошқа кутубхоналарга тақдим этилади.
Учрашувда академиклар Шавкат Аюпов ва Абдулла Аъзамов ҳам ўз мулоҳазаларини билдирди. Тақдимот сўнгида иштирокчилар ўзларини қизиқтирган саволларга муаллифдан жавоб олишди.
Мазкур китоб тақдимоти бугун Ал-Хоразмий туғилган замин – Хоразмда давом этмоқда. Урганч давлат университетида ўтаётган тадбир Хоразм Маъмун академияси билан ҳамкорликда ташкил этилди.
Беҳруз Худойбердиев,ЎзА