Италия Парламенти вакили Ўзбекистондаги ислоҳотлар натижаларини юқори баҳолади
Сўнгги йилларда Ўзбекистон ва Италия ўртасидаги стратегик шериклик муносабатлари янада мустаҳкамланиб, ҳамкорлик алоқалари кенгайиб бормоқда.
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикери ўринбосари Раҳимжон Ҳакимов ва Италия Республикаси Парламенти Депутатлар палатаси депутати, “Италия – Ўзбекистон” дўстлик гуруҳи раҳбари Фабрицио Бенцони бошчилигидаги делегациянинг учрашувида бу алоҳида эътироф этилди. Мазкур учрашув доирасида икки мамлакат парламентлари дўстлик гуруҳларининг йиғилиши ҳам ўтказилди.

Мулоқотда кейинги йилларда икки давлат раҳбарларининг ўзаро ишонч ва дўстона муносабатлари туфайли кўп қиррали ҳамкорлик алоқалари кенгаяётгани, савдо-иқтисодий ва маданий-гуманитар соҳалардаги ҳамкорлик юқори босқичга чиқаётгани алоҳида қайд этилди.
Шунингдек, парламентлараро мулоқотни янада фаоллаштириш, савдо-иқтисодий ва инвестициявий шериклик, сунъий интеллект соҳасида қўшма лойиҳалар, илм-фан ва таълим алмашинуви, маданий-гуманитар йўналишлар ҳамда туризм соҳасида имкониятларни кенгайтириш масалалари бўйича ҳам ўзаро фикр алмашилди. Парламентлараро ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқиш зарурлиги таъкидланиб, бу йўналиш нафақат икки томонлама алоқаларни мустаҳкамлаши, балки парламент аъзолари ўртасида тажриба алмашиш имконини яратиши қайд этилди.

Ўз навбатида, Ф.Бенцони самимий қабул учун миннатдорлик билдириб, Президент Шавкат Мирзиёев томонидан олиб борилаётган мувозанатли, очиқ ва конструктив ташқи сиёсат, кенг кўламли ислоҳотлар ва уларнинг натижаларини юқори баҳолади.
Шунингдек, делегация раҳбари Ислом цивилизацияси марказига ташриф унда чуқур таассурот қолдирганини, бу иншоот ўзбек халқининг бой тарихи, жаҳон цивилизациясига қўшган улкан ҳиссасини ёрқин намойиш этиш баробарида ўсиб келаётган ёш авлод учун буюк аждодлар меросини ўрганишда катта мактаб бўлишини алоҳида таъкидлади.
Шунингдек, учрашувда олий даражада эришилган келишувлар ижросини таъминлашда парламент аъзолари иштирокини кучайтириш, қонун лойиҳаларини ишлаб чиқишда тажриба алмашиш, учрашувларни жонли мулоқот шаклида ҳар йили камида бир маротаба тизимли ўтказиб бориш, парламент тадқиқотлари йўналишида ҳамкорликни йўлга қўйиш масалалари муҳокама қилинди.
Мулоқот давомида жорий йилда Самарқанд шаҳрида ўтказилиши режалаштирилган 12-Глобал ёшлар парламенти форуми ҳамда Барқарор ривожланиш мақсадларининг амалга оширилишига қаратилган 3-умумжаҳон форумига Италия делегацияси таклиф қилинди.
М.Комилова,
ЎзА