IT мутахассисларни тайёрлашда ҳамкорлик кенгаяди
Ҳарвард университети магистратура босқичи талабаларининг Тошкент шаҳрига ташрифи доирасида Рақамли технологиялар вазирлигида учрашув бўлиб ўтди.
Талабаларнинг Ўзбекистонга ташрифидан мақсад Ўзбекистон тараққиёти, сиёсий ландшафт, геосиёсий мулоҳазалар ва инвестиция имкониятларини ўрганиш ҳамда рақамли диверсификация орқали иқтисодий ривожланиш имкониятларини муҳокама қилишдан иборат.

Учрашувда рақамли технологиялар вазири Шерзод Шерматов Ўзбекистоннинг денгизга чиқиш имкониятлари чеклангани, шу сабабли IT соҳасига эътиборни кучайтириш орқали масофадан туриб ишлаш, IT хизматлар аутсорсингини ривожлантиришга катта эътибор қаратилаётганини таъкидлади. Бунда эса жойнинг аҳамияти йўқлиги, исталган IT мутахассиси ўзи хоҳлаган жойда туриб ишлай олишини билдирди.
Учрашув давомида, шунингдек, хорижий давлатлар, жумладан, Ҳиндистон каби IT соҳаси ривожланган мамлакатлар билан олиб борилаётган ҳамкорлик масалаларига тўхталиб ўтилди. Бундан ташқари, хорижий IT компаниялар учун яратилган шароитлар ва солиқ имтиёзлари ҳақида талабалар томонидан берилган саволларга жавоб берилди.

Ўз навбатида, IT таълимни янада ривожлантириш мақсадида Рақамли таълимни ривожлантириш маркази ташкил этилгани, бу борада ҳам тизимли ишлар амалга оширилаётгани қайд этилди.
Учрашув давомида вазир “Бир миллион ўзбек дастурчилари” лойиҳаси ҳақида ҳам тўхталиб ўтди. Меҳмонларга Халқаро IT сертификатга эга ёшларнинг сертификат олиш харажатлари қоплаб берилиши тўғрисида маълумотлар берди.
Шунингдек, Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги Тошкент ахборот технологиялари университетига Корея Республикасининг Kookmin университети васийлик кенгаши раиси Жиёнг Ким, университет президенти Сеунг Рюл Жеонг бошчилигидаги делегация ташриф буюрди.

Делегация аъзолари Ўзбекистон Республикаси рақамли технологиялар вазирининг ўринбосари Рустам Каримжонов бошчилигида кутиб олинди. Ушрашув давомида Ўзбекистонда IT таълимни ривожлантириш бўйича яратилаётган имкониятлар, ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, сифатли таълим олишлари учун давлат дастурлари бўйича фикр алмашилди.
Делегация аъзолари ўртасида ҳамкорлик алоқаларини янада ривожлантириш, юқори малакали IT мутахассисларни тайёрлаш тизимини йўлга қўйишда ҳамкорликни кенгайтириш, ТАТУ ва Kookmin университетлари ўртасида қўшма таълим дастурларини йўлга қўйиш масалалари муҳокама этилди.
Мазкур ташриф давомида Kookmin университети ва ТАТУ ўртасида жорий ўқув йилида “Бизнес IT қўшма таълим дастури”ни йўлга қўйиш бўйича ҳамкорлик шартномаси имзоланди.
Маълумот учун айтиш жоизки, Корея Республикасининг Kookmin университети билан ҳамкорликда Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги Тошкент ахборот технологиялари университетида “Бизнес IT” таълим дастури ва инновацион экотизимни яхшилашга қаратилган умумий қиймати 5 миллион долларга тенг бўлган “ТАТУда инновацион бизнес IT таълим тизимини ташкил этиш” грант лойиҳаси амалга оширилиб келинмоқда.
Мазкур лойиҳанинг асосий мақсади Ўзбекистонда олий таълим салоҳиятини мустаҳкамлаш ва рақамли иқтисодиётни бошқарадиган АКТ инновацион истеъдодларини тарбиялаш ва саноат-академик ҳамкорлик моделини йўлга қўйиш орқали миллий иқтисодиётга ҳисса қўшишдан иборат.
Н.Раҳмонова,
ЎзА