Истиқлол тинимсиз ҳаракат, тинимсиз жасоратдир
Давлатимиз раҳбарининг Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг ўттиз йиллик байрамига тайёргарлик кўриш ва уни юқори савияда ўтказиш тўғрисидаги янги йил бўсағасида қабул қилган қарори халқимизнинг нигоҳини яқин ўтмишимизга қаратди.
Истиқлол ҳар биримизнинг юрак меҳваримиздан ўтганини кўрдик. У онгимизнинг остки ва устки қаватларини ишғол қилди. Ҳазилакам гап эмас, халқимиз унга бир юз ўттиз йил орзу қилиб етишди. У бизга тану жон, борлик ва йўқлик баробарида қимматли. Кейинги ўттиз йил мобайнида орзулар бирма-бир ушалди.
Халқ, мамлакат озод қад кўтарди. Бир юз ўттиз йиллик қонли, аламли машаққатлар, омонсиз курашлар эвазига қайта туғилгандек бўлдик. Озодлигимиз йўлидаги ўтиб бўлмас ғовлар қулади. Истиқлол бизга йўллар очди. Улар бари халқимиз учун муносиб яшаш, эркин меҳнат, ўқиш-ўрганиш, безавол камол топиш йўллари бўлди.
Истиқлол деганда Ўзбекистонда ўттиз йилда барпо этилган коммуникация иншоотлари намоён бўлаётир. Шарқдан Ғарбга, Шимолдан Жанубга, дўст ва қардош диёрларга йўллар солди Ўзбекистон! Тарихий ўзанларни тиклади Ўзбекистон! Бирон давлат Ўзбекистончалик йўл қурганмикан ўттиз йилда. Магистрал йўлларда ўз қудрати ва келажагини аён кўрди Ўзбекистон!
Булар қашшоқлик, забунлик, заволдан қутулиш йўллари эди! Йўл бўлмаса, қардош бўлмаса, ҳамроҳ бўлмаса, қайда, қачон, ким қашшоқлик ва хор-зорликдан қутулолган?!
Истиқлол бошиданоқ инсонни ўйлади. Бутун ҳаракатини инсонга, унинг эрки, равнақи, манфаатига қаратди. Давлат, ҳукумат ўзининг барча мақсадларини юрт фаровонлиги, инсон бахти-саодатига бағишлади.
Қашшоқлик, очлик, юпунлик балосини енгиб ўтишни мақсад қилиб қўйдик. Ўттиз йил ичида одамларнинг юриш-туриши, кийиниши, еб-ичиши тубдан ўзгарди. Оёқлар янги, ярқираган. Дарвозалар олдида машиналар гуркираган, мактаблар, боғчалар, университетлар гавжум. Ҳатча холанинг невараси Ҳарвардда жаҳон бизнеси тамойилларини ўз юртида қўллаш дардида ғайрат отига минган. Айниқса, аёллар, ёшлар, болакайларнинг уст-бошлари чиройли, ораста.
Булар истиқлол натижаси эмасми? Қашшоқликнинг даф бўлаётгани эмасми? Истиқлол мазмунан ва моҳиятан шундай бир ижтимоий-сиёсий ҳодиса эканким, мана ўттиз йилда роса аён бўлаётир. У пайдар-пай таклиф этаётган ғоялар ҳамда имкониятларга одамлар бўйлаб, баробар бўлиб улгурмай қолишяпти. Унинг қатъий талабларига жавоб беролмай янги билим, янги фикр ўчоқларини қидириб қолишяпти!
Ҳа, истиқлол бу -- тинимсиз ҳаракат, тинимсиз жасорат, тинимсиз илм-урфонни эгаллаш. Доим янги марраларга чиқишдир. Истиқлолнинг ҳаракат фалсафаси, динамикаси шундай!
Иброҳим ҒАФУРОВ,
Ўзбекистон Республикаси санъат арбоби,
адабиётшунос олим