Истиқболли лойиҳалар муҳокама қилинди
“Навоийуран” давлат корхонасида Геология фанлари университети билан ҳамкорликда амалга оширилаётган истиқболли лойиҳалар муҳокамасига бағишланган учрашув бўлиб ўтди.
Унда корхона бош директори Джамал Файзуллаев ҳамда Геология фанлари университети ректори Аъзам Кадирходжаев иштирок этди.
Таъкидланганидек, бугунги кунда геология соҳасида рақамли технологиялардан самарали фойдаланиш, геологик маълумотларни ягона тизимга бирлаштириш ва сунъий интеллект имкониятларини ишлаб чиқариш жараёнларига татбиқ этиш конларни ўрганиш ҳамда мавжуд ресурслардан самарали фойдаланишнинг муҳим омилларидан бирига айланмоқда.

Учрашув давомида университет мутахассислари томонидан геология соҳасини рақамлаштириш, сунъий интеллект технологияларини жорий этиш ва геологик маълумотларни замонавий рақамли платформалар асосида бошқаришга қаратилган тақдимотлар намойиш этилди.
Тақдимотларда уран конлари ва геологик маълумотларни рақамлаштириш, мавжуд маълумотлар базаси асосида конларнинг уч ўлчамли (3D) моделларини яратиш, сунъий интеллект имкониятларидан фойдаланган ҳолда геологик жараёнларни таҳлил қилиш ҳамда замонавий рақамли ечимларни ишлаб чиқариш жараёнларига кенг татбиқ этиш истиқболлари ҳақида атрофлича маълумот берилди.
Шунингдек, университет мутахассислари томонидан керн намуналари бўйича маълумотларни, қудуқлардан олинадиган каротаж (геофизик) ахборотларини рақамлаштириш, уран конларига оид ягона маълумотлар базасини шакллантириш ҳамда минерал ресурслар захираларини аниқлаш ва таҳлил қилишга хизмат қиладиган сунъий интеллект модулларини ишлаб чиқиш бўйича қатор таклифлар илгари сурилди.

Учрашув якунида “Навоийуран” давлат корхонаси ва Геология фанлари университети ўртасидаги ўзаро ҳамкорликни рақамлаштириш жараёнларини жадаллаштириш ва истиқболли лойиҳаларни амалга ошириш бўйича ўзаро келишиб олинди.
А.Бўриев, ЎзА мухбири